Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон 2025 йил ёзи учун «Баҳри-Тожик» (Тожик денгизи) сув омборидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
30 май куни Тожикистон Энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жума, Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ўртасида бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича «Баҳри Тожик» сув омборининг ёзги мавсумдаги иш режимини мувофиқлаштириш бўйича уч томонлама баённома имзоланди. Музокаралар Душанбеда музликларни асраш бўйича халқаро конференция доирасида бўлиб ўтди.
Ҳужжат барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда сув объектидан ҳамкорликда фойдаланишни назарда тутади ва минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган.
«Азия-Плюс» нашрининг «Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида 2024-2025 йиллардаги вегетация давридаги сув хўжалиги ҳолати таҳлили» ҳисоботига таяниб аниқлик киритишича, 2024 йил октабрдан 2025 йил мартигача бўлган даврда «Бахри Тожик» сув омборига сув оқими 12,32 км³ ни ташкил этган. Бу «Сирдарё» сув ҳавзаси бирлашмаси томонидан тасдиқланган жадвалдан 1,04 км³ га юқори бўлган. Сув омборидан сув оқиб чиқиши ҳам прогноз қилинганидан юқори бўлган — 11,13 км³, бу режалаштирилганидан 1,23 км³ га кўп. Натижада, суғориш мавсуми охирига келиб, сув омборидаги сув ҳажми 3,5 км³ га етган. Прогнозга кўра, 2025 йили вегетация даврида Сирдарё ҳавзасига умумий сув оқими 25,77 км³ бўлиши кутилмоқда, бу норманинг 87% ни ташкил этади (стандарт кўрсаткич 29,49 км³).
2025 йил 5 апрелда ўз ишини якунлаган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 89-йиғилиши баённомасига асосан Қозоғистон учун (Дўстлик канали орқали) сув олиш лимити 909 миллион м³, Қирғизистон учун – 270 млн м³, Тожикистон учун – 1905 млн м³, Ўзбекистон учун – 8800 млн м³ ташкил этади.
Тожикистон сув ресурслари тақчил бўлган ёз ойларида қуйи оқим мамлакатлари — Ўзбекистон ва Қозоғистонга қўшимча ҳажмда сув оқизиб туради.