Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари Еврокомиссия раисига ишонч ёрлиғини топширди

Ғайрат Фозилов ва Урсула фон дер Ляйен. dunyo.info сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Ғайрат Фозилов Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ишонч ёрлиғи топширилгандан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Еврокомиссия раҳбари жорий йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити якунларини юқори баҳолаган. Шу билан бирга, фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори эканини тасдиқлаган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, саммитда глобал ҳамкорлик масалалари, хусусан, «яшил» энергия, логистика, муҳим хом ашё ва рақамлаштириш соҳаларидаги масалалар муҳокама қилинган эди. Ўшанда фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Global Gateway дастури доирасида Марказий Осиё давлатлари учун 12 миллиард евролик сармоя пакети тайёрлаганини маълум қилганди.

ℹ️ Ғайрат Фозилов — дипломат, бир неча йил Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Кейин у Республиканинг Бельгия ва Нидерландиядаги элчиси, кейинчалик қароргоҳи Брюсселда бўлган Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссияси раҳбари этиб тайинланган.

Ўтган йил ноябрь ойида Фозилов Европа Иттифоқи президенти Шарл Мишелга ишонч ёрлиғини топширгани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ