Ҳуқуқ фаоллари Туркманистон аҳолиси оммавий пахта теримига мажбурланаётганини яна бир бор таъкидлади

turkmen.news айти фотосурати

Мажбурий меҳнат Туркманистоннинг барча пахта етиштириладиган ҳудудлари – Болқон, Тошҳовуз, Лебап ва Мари вилоятларида кенг тарқалган. Бу ҳақда Turkmen.news, Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси (ИҲТТ), Progres фонди ва Cotton Campaign коалицияси ҳамкорликда тайёрланган ҳисоботда сўз юритилади.

Ҳужжатда мавжуд вазият таҳлили ҳамда Туркманистон ҳукумати ва халқаро ҳамкорлар учун тавсиялар келтирилган. У, хусусан, қуйидагиларни таъкидлайди:

👉 бюджет соҳаси ходимлари, шу жумладан мактаблар, шифохоналар ва уй-жой коммунал хўжалигининг техник ходимлари оммавий равишда пахта теримига жўнатилган ёки теримчиларни ёллаш учун пул тўлашлари талаб қилинган;

👉 фақат айрим муассасаларда шифокор ва ўқитувчилар йиғимга жалб этилмаган;

👉 пахта етиштиришнинг болалар учун хавфлилиги расман тан олиниши ва уларни жалб этиш тақиқланганига қарамай, ҳали ҳам болалар меҳнатидан фойдаланилган;

👉 ҳукумат пахта сотиб олиш нархлари ва терим ставкаларини оширган, бу эса ихтиёрий теримчиларни, жумладан, болаларни рағбатлантирган;

👉 давлат ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини — ер ажратиш ва уруғлик етказиб беришдан тортиб йиғим-терим кампаниясини ташкил этиш ва харид қилишгача бўлган назоратни амалга оширади, бу эса тизимли мажбурлаш, товламачилик ва коррупция ҳолатлари учун шароит яратади;

👉 аёллар айниқса заиф, чунки улар кам маошли ва давлат секторида ишлаётганларнинг аксарият қисмини ташкил қилади, бу эса уларнинг теримчиларни ёллаш имкониятларини пасайтиради ва уларни пахта теримида шахсан иштирок этишга мажбур қилади;

👉 Туркманистон мулозимлари фермерларга имконсиз квоталар қўйган, кўрсатилмаган хизматлари учун пулни ушлаб қолган ва ҳосилнинг бир қисмини ўзлаштирган;

👉 Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлик қилишига қарамай, Туркманистон ҳукумати ташкилот ишчиларининг йиғилишларга киришини чеклаб, уларнинг кўрсатмаларини кузатиш орқали ишига тўсқинлик қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Туркманистон пахта етиштириш бўйича дунёда 14-ўринда туради ва ўзини хомашё билан тўлиқ таъминлайди. Туркман пахтасининг асосий харидорлари Туркия, Италия ва Покистон бўлиб, турк компаниялари Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот етказиб беради. Италия ва Германия компаниялари Туркманистонга тўқимачилик ускуналарини экспорт қилади.

Ҳисобот муаллифлари халқаро бозор иштирокчиларини етказиб бериш занжирларини синчиклаб текширишга ва бу амалиёт бутунлай йўқ қилинмагунча, мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган туркман пахтасини чиқариб ташлашга чақиради. Улар тавсия қилдилар:

▶️ Туркманистон ҳукумати — миллий қонунлар ҳимоясини таъминлаш, ХМТ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, сўз эркинлиги ва мустақил касаба уюшмаларини ташкил этиш%

▶️ Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канада ҳукуматлари Туркманистон билан икки томонлама мулоқотларда мажбурий меҳнат масаласини кўтариб, товарлар импорти бўйича назорат ва қонунчиликни кучайтириши керак.

▶️ Халқаро брендлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари – мажбурий меҳнатга барҳам бериш жараёнини кузатиш ва рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши лозим.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Туркманистон пахта саноатидаги вазият фақат кенг қамровли ислоҳотлар ва халқаро босим туфайли яхшиланиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ