Кобулда ҳокимият тепасида турган «Толибон»* ҳаракати мамлакатдаги ягона давлат киностудияси — Afghan Film офисларини ёпди. Бу ҳақда Amu.tv хабар берди.
Толиблар кинокомпаниянинг ёпилиши ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот беришмаган. Бироқ, ходимларга муассаса тузилмаси тугатилиб, фаолияти тўхтатилгани ҳақида маълумот берилган.
Афғонистон кино агентлигининг сўнгги раҳбари Саҳара Карими 2021 йил августида «Толибон» Кобулни қўлга киритгач, мамлакатни тарк этган эди. Ўшандан бери кинокомпания кенг реклама ва янги лойиҳаларсиз қисқартирилган режимда ишлаётган эди.
Шу билан бирга, студияда 1990 йиллари толибларнинг илк иқтидорга келгани пайтида сақланган қимматли кино архиви мавжуд. Энди унинг тақдири ноаниқ. Маданиятни муҳофаза қилувчилар архив ташлаб кетилиши, цензура қилиниши ёки йўқ қилиниши мумкинлигидан хавотирда.
Afghan Film миллий кинокомпанияси қирол Муҳаммад Зоҳиршоҳ даврида 1968 йили ташкил этилган. У Афғонистон кино ва ҳужжатли фильм саноатининг таянчи бўлган. 2021 йили толиблар ҳокимиятга келишидан олдин Afghan Film Ахборот ва Маданият вазирлиги қошида фаолият юритган ва турли бўлимларда, жумладан, ишлаб чиқариш, архивлаш, киноларни қайта тиклаш ва рақамлаштиришда 30 дан 40 нафаргача ходим ишлаган.
Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келганидан бери кўплаб чекловлар жорий қилинди. Хусусан, оммавий ахборот воситаларида одамларнинг фотосуратлари ва видеоларини кўрсатиш, мусиқа тинглаш, аёллар жамоат ҳаётидан четлатилди, уларнинг ўқиши, ишлаши ва ҳоказолар тақиқланди. Шахмат ва якка кураш спортининг айрим турлари тақиқ остида қолди.
*14 май олатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.