28 апрель куни Туркияда туркманистонлик икки мухолиф блогер Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов ҳибсга олинган. Бу ҳақда Туркман Хельсинки Инсон ҳуқуқлари фонди хабар берди.
Туркман фаоллари Синоп шаҳрида қўлга олинган. Маҳаллий шифохонада тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг Сахатов ва Орусов Анқарадаги депортация лагерига жўнатилган.
Turkmen.news хабарига кўра, ҳар иккала блогер ҳам YouTubeдаги каналларида Туркманистон аҳолиси ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида очиқ гапирган. Хусусан, Сахатов Erkin Garaýyş («Эркин қараш») каналини бошқариб, у ерда коррупция ва ўзбошимчалик ҳақида материаллар чоп этган, Орусов эса туркман расмийлари томонидан суиистеъмолчиликларга йўл қўйилгани ҳолатларини ёритган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинганларнинг Туркманистонга экстрадиция қилиниши, улар судга тортилиши ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Сўнгги йилларда Туркияда истиқомат қилувчи туркман фаоллари кўпинча Ашхобод илтимосига кўра маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари босимига учрамоқда. Туркия аввалроқ Фарҳод Мейманқулиев, Ровшен Кличев, Сердар Дурдилев ва Мердан Муҳамедов каби мухолифатчи блогерларни ҳибсга олиб, депортация қилган эди. Улардан баъзиларининг депортациядан кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Мейманқулиев ватанида 22 йилга озодликдан маҳрум этилган.