Марказий Осиё давлатлари Сирдарё ва Амударё сув ресурсларини ўзаро тақсимлади

oreke.ru сайти фотосурати

Марказий Осиёнинг бешта постсовет республикалари вакиллари сув объектлари экотизимини бузмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш мақсадида Сирдарё ва Амударё ресурсларини тақсимлаш тўғрисида протокол ва келишувларни имзоладилар. Тегишли маълумотлар Минтақа сув хўжалигини давлатлараро мувофиқлаштириш комиссияси ҳужжатларида эълон қилинган.

Хусусан, мутахассислар 2025 йилги вегетация даври учун сув истеъмоли чегараларини белгилаб берган. Яъни, ўсимликлар ўсиши ва ривожланиши давридаги суғориш талабини. Марказий Осиёда бу давр апрелдан октябргача давом этади.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун Сирдарёдан 11,9 миллиард куб метрга яқин сув келади. Ушбу ресурслар мамлакатлар ўртасида қуйидаги тарзда тақсимланади:

✅ Ўзбекистон — 8,8 млрд куб.м;

✅ Тожикистон— 1,9 млрд куб.м;

✅ Қозоғистон (Дўстлик канали) — 909 млн куб.м;

✅ Қирғизистон — 270 млн куб.м.

Жорий йил апрель-октябрь ойларида Амударёдан сув олиш чегараси деярли 40 миллиард куб метрни ташкил қилади. Ресурсларнинг катта қисми Керки гидропостига йўналтирилади, бу ерда мутахассислар сув сифатини ўрганади ва яқин келажакда унинг истеъмолини прогноз қилади.

Амударё ҳавзаси сувлари давлатлар ўртасида қуйидагича тақсимланади:

✔️ Ўзбекистон — 16 миллиард куб метр;

✔️ Туркманистон — 15,5 миллиард куб метр;

✔️ Тожикистон — 7 миллиард куб метр.

Бундан ташқари, дарё дельтаси ва Орол денгизига сув етказиб берилади, бу ерда ресурс сарфи 2,1 миллиард куб метрни ташкил этади.

Шунингдек, республикалар Амударё сувидан вегетацияни ҳисобга олмаган ҳолда қандай фойдаланишлари кўрсатилган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, учта давлат истеъмоли меъёрда. Ўзбекистон ва Туркманистон уларга ажратилган ресурснинг 90 фоиздан ортиғини сарфлаган, бироқ Тожикистон энг тежамкор бўлиб чиққан – бу кўрсаткич 80 фоиздан сал кам бўлди.

Шунингдек, ўтган йил октябрь ойидан 2025 йил мартига қадар дарё дельтаси ва Орол денгизига 1,5 миллиард куб метрдан ортиқ сув тушгани қайд этилган.

Таҳлилчилар минтақада сувдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун ресурслар тақсимотини кузатишда давом этади, дейилади ҳисоботда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ