Қирғизистоннинг «Қумтор Голд Компани» корхонаси 2024 йили салкам 1 миллиард долларлик олтин сотган

"Қумтор Голд" компанияси ҳақидаги видердан кадр

2024 йили «Қумтор Голд Компани» ёпиқ акциядорлик жамиятининг олтин сотишдан тушган тушуми режалаштирилган 739,3 миллион долларга нисбатан рекорд даражада — 989,1 миллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Бузурман Субанов маълум қилди, деб ёзади Kumtor.kg.

«Қумтор» конида тоғ-кон қазиб олиш ҳажми режадан ортиғи билан бажарилиб, 189,1 миллион тоннага етган, олтин қазиб олиш эса 12552 килограммни ташкил этган, бу кўрсатгич ҳам режадаги 12509 килограммдан ошган.

Компания Қирғизистон бюджетига 184,8 миллион доллар (16,1 миллиард сом) солиқ ва мажбурий тўловларни ўтказган, бу режадагидан 7,3 миллион долларга кўпдир. «Қумтор Голд Компани» нинг йил якунлари бўйича соф фойдаси 397,4 миллион долларни ташкил этиб, режадаги 186,8 миллион доллардан икки баравар кўп бўлган.

«Кыргызалтын» АЖ бошқаруви раиси Кубат Абдраимов 2025 йили компания қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширишини, жумладан, «Қумтор»да рудаларни ер ости қазиб олиш, Тоғўлоқ конини ўзлаштириш ва Жангарт участкасида геология-қидирув ишларини давом эттиришни таъкидлади. Шунингдек, олтин қазиб олиш учун эски қолдиқларни қайта ишлашни бошлаш режалаштирилган. Ходимларни қўшимча ўқитиш ва барча бўлимларни текшириш орқали конда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

ℹ️ «Қумтор» — Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. «Кыргызалтын» очиқ акциядорлик жамияти «Кумтор Голд Компани» ёпиқ акциядорлик жамиятининг 100% улушига эга бўлган ягона акциядор ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ