АҚШ президенти Дональд Трамп 33 ёшли Мэри Кабир-Сераж Бишопингни (Mary Kabir-Seraj Bischoping) Давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари этиб тайинлади. Бу ҳақда Khaama Press хабар берди.
Бишопинг Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси доирасида АҚШнинг Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсатини назорат қилади. Аввали АҚШнинг Афғонистон билан алоқаларини Афғонистон бўйича собиқ махсус вакил Томас Уэст ва афғон хотин-қизлари бўйича махсус элчи бўлиб ишлаган Рина Амирий бошқарган.
👉 33 ёшли Мэри Кабир-Сераж Бишопинг Афғонистонни 1823-1978 йилларда бошқарган Баракзай қироллик сулоласи вакили. Қирол Омонуллахон ва қиролича Сорая Тарзининг невараси, бувиси Латифа Кабир Сераж биринчи афғон журналист аёлларидан бўлган.
Бишопинг (эрининг фамилияси) Калифорнияда туғилиб ўсган. Унинг оиласи 1979 йили Совет Иттифоқи босқинидан сўнг сиёсий таҳдидлар туфайли Афғонистонни тарк этган. Ота-онаси Европада таълим олган ва кейинчалик Жанубий Калифорнияда жойлашган. Бишопинг Германияда деярли уч йил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро нашрларда кўнгилли сифатида ишлаган. У Лос-Анжелесдаги Калифорния университетида сиёсий фанлар бўйича бакалавр даражасини ва Виржиния университетида доктор даражасини олган. Форс ва немис тилларида бемалол гапиради.
2021 йили АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб кетилгач, Бишопинг Давлат департаментининг юридик маслаҳат бўлимида ишлаган. 2023 йили у Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасининг катта маслаҳатчиси бўлган ва у ерда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш бўйича терговга раҳбарлик қилган ва минтақавий стратегия бўйича маслаҳатлар бериб борган.