Туркманистон ҳукумати хорижликларни электрон виза расмийлаштиришда республикага ташриф буюриш таклифномасини олиш заруратидан озод қилди. «Миграция тўғрисида»ги қонунга киритилган тегишли ўзгартиришлар мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан мақулланди, деб хабар берилган Туркманистон давлат нашриёт хизмати сайтида.
Ўзгартиришларга кўра, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Туркманистонга кириш учун Туркманистон Давлат миграция хизмати ахборот тизимида электрон виза (e-Visa) олиши мумкин. Ҳозирча ёзма ва электрон сўровлар шакллари, сўровга илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, сўровни тақдим этиш тартиби, шунингдек, виза стикери ва электрон виза намуналари белгиланмаган.
Шу билан бирга, «Фарғона» маълумотига кўра, сайёҳлик агентликлари янги қоидага шубҳа билан қарашмоқда ва e-Visa жорий этилиши Туркманистонга ташриф буюришни осонлаштирмайди, балки туристлар учун яна бир мажбурий атрибутга айланади ва тўловларни оширади, деб ҳисоблайди.
«Тахминимча, хорижликлар учун таклифномалар оддийгина электрон шаклда топширилади ва e-Visa расмийлаштириш учун аризалар тўпламининг бир қисмига айланади. Мана сизга туркманча рақамлаштириш», — дейди «Фарғона»га Марказий Осиё бўйича фаолият юритувчи сайёҳлик агентликларидан бири.
Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири ҳисобланади, гарчи ҳукумат туризм соҳасини ривожлантириш истагини тез-тез билдираётган бўлсада. Мамлакатнинг хориждаги консуллик муассасаларида виза олиш жараёни камдан-кам ҳолларда белгиланган муддатларда амалга оширилади ва кўпинча ариза берувчиларга рад жавоби берилади.