«Урганч» халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендерда Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Аэропортдаги ишлар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилади. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқаришни, шу жумладан ерда хизмат кўрсатишни таъминлайди. Давлат шериги аэродром мажмуасини (учиш-қўниш йўлаги, перрон) қуриш ва бошқариш учун жавобгар бўлади.
Лойиҳанинг нархи ошкор этилмаган.
Тендер 2024 йил 1 августда эълон қилинган ва очиқ усулда ўтказилган. Лойиҳанинг тўлиқ номи — «Қуриш-бошқариш-топшириш» (Build-Operate-Transfer – BOT) моделидан фойдаланган ҳолда «Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш».
Танлов икки босқичда бўлиб ўтди: малака сўрови (RfQ) ва таклифлар сўрови (RfP). Тендерда саккизта компания иштирок этди, улардан бештаси иккинчи якуний босқичга ўтди, шундан сўнг идоралараро тендер комиссияси ғолибни аниқлади.
ℹ️ Incheon International Airport Corporation 2001 йили очилган Инчхон халқаро аэропортини бошқаради. Бугунги кунда у халқаро юк ташиш ҳажми бўйича дунёда иккинчи, халқаро йўловчи ташиш ҳажми бўйича бешинчи ва аэропорт хизматлари сифати рейтингида биринчи ўринда туради. 2024 йили Инчхон аэропорти 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган.