Талдиқўрғонда (Қозоғистон жануби-шарқидаги шаҳар) 16 ёшли Шерзат Болат (Пўлат) ўлдирилиши билан боғлиқ асосий суд жараёни бошланди, деб хабар беради Vlast.kz.
Судланувчилар курсисида тўққиз киши, жумладан, бир нафар вояга етмаган шахс бор. Уларнинг барчаси безориликда, икки нафари – Абзал Шинасил ва Равил Сакиев қотилликка уринишда айбланмоқда. Айблов томонига кўра, қотиллик аслида Шинасил томонидан содир этилган. Айбланувчилардан бири Азамат Тўхтаубаев безориликдан ташқари ўғирликда ҳам айбланади. Вояга етмаган Думан Искақов оғир жиноятни яширганликда айбланмоқда.
Болатнинг аммаси бўлмиш Перизат Нуримованинг айтишича, уларнинг оиласи айбланувчилар алоҳида суд қилинаётганидан рози эмас. «Бу бизни қониқтирмайди. Уларни гуруҳ сифатида судлаш керак эди. Улар битта машинада келишган ва битта машинада кетишган»,— дейди у.
Айбланувчиларнинг аксарияти 1996-2000 йилларда туғилган, энг каттаси 32 ёшда, энг кичиги эса 17 ёшда. Айбланувчиларнинг тўрт нафари муқаддам жиноят содир этганлик учун судланган, улардан бири 2024 йили 7 йилга озодликдан маҳрум этилган, яна икки нафари қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликдаги шикаст етказганлик учун озодликдан маҳрум этилган, яна бири эса прокурор фаолиятига тўсқинлик қилганликда айбланган.
Биринчи суд мажлисида судя Ержан Жанузаков суд иштирокчиларидан оммавий ахборот воситаларига изоҳ бермасликни сўраган, шунингдек, барча томонларнинг суд жараёни жойини ўзгартиришга оид илтимосларини рад этган.
16 ёшли Шерзат Болат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.
12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарда патруллик қила бошлаган.
Ўсмир ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 11 нафар шахс қўлга олинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам алоқадор бўлиши мумкин.
Қотилликдан икки ой ўтиб, Шерзат амакисининг жасади Талгар чеккасидан топилган. Тергов маълумотларига кўра, у ўз жонига қасд қилган. Унинг дафн маросимида марҳум ўсмирнинг отаси Каржаубай Нуримов ҳибсга олиниб, 15 суткага қамалган. Ўшанда полиция у ўзини тажовузкор тутганини ва бошқаларга таҳдид қилганини маълум қилган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, дафн маросими пайтида эркак юк машинасига чиқиб олиб, журналистлар билан учрашишни талаб қилган.
Мазкур шов-шувли иш шаҳар ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан бир неча мулозимнинг ишдан кетишига сабаб бўлганди.