Қозоғистон авиакомпаниялари овербукинг учун жаримага тортилади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда авиакомпаниялар овербукинг — самолётда мавжуд ўриндиқлар сонидан кўпроқ чипта сотганлик учун жаримага тортилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар Транспорт бош прокуратураси томонидан таклиф этилган ва кейинроқ Мажилис (парламент қуйи палатаси) томонидан қабул қилинган, деб хабар беради прокуратура матбуот хизмати.

Янги нормага кўра, жарима 50 МТМ (минимал тўлов миқдори) ни ташкил этади – бу 196,6 минг тенге ёки 375 доллар.

Шу пайтгача овербукинг учун жавобгарлик фақат халқаро рейсларга нисбатан қўлланилган, энди эса ички рейсларга ҳам татбиқ этилади.

Қозоғистонда мазкур амалиётдан сўнгги икки йил давомида айрим авиаташувчилар машҳур йўналишларда, шунингдек, байрам ва дам олиш кунларида фойдаланган. «Қўлларида чиптаси бор йўловчилар самолётга чиқарилмаган ва улар муқобил вариантларни излашга мажбур бўлишган. Оммавий норозилик кучайиб борди ва муаммони зудлик билан ҳал қилишга тўғри келди», — дея таъкидлайди прокуратура.

Энг резонансли ҳолатлардан бири 2024 йил августида юз берганди. Ўшанда Фуқаролик авиацияси қўмитаси FlyArystan авиакомпаниясини овербукинг сабаб 12 ёшли болани парвозга қўймагани учун деярли 4 миллион тенге (7,6 минг доллар) миқдорида жаримага тортганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ