Ўзбекистонда биринчи кам қувватли АЭС базасини қуриш ишлари бошланди

Қурилиш майдонида. «Ўзатом» матбуот хизмати фотосурати

Жиззах вилоятида Россиянинг РИТМ-200Н реакторларидан фойдаланган ҳолда кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж базасининг (ҚМБ) биринчи ишлаб чиқариш бинолари қурилиши бошланди. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги (Ўзатом) матбуот хизмати хабар берди.

Қурилиш-монтаж базаси энергоблоклар қурилиши даврида муҳим инфратузилма элементи бўлиб, маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш хоналари, омборлар ва йирик йиғма корхоналари учун майдонлар билан таъминлайди.

Атом электр станцияси қурилиши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Аманов таъкидлаганидек, электр станцияси экологик тоза энергиянинг ишончли манбасига айланади.

«Биз ушбу лойиҳа жамият учун юқори даражада очиқлик ва хабардорликни ошириш учун хизмат қилади, деб ишонамиз. Бу эса барча томонлар учун ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди. РИТМ-200Н реакторига эга кичик қувватли атом станцияси синовдан ўтган технологиялар ва авариясиз ишлаш тажрибасига асосланиб, экологик тоза энергиянинг ишончли манбаи бўлади. Ихчамлиги, юқори хавфсизлик даражаси ва самарадорлиги РИТМ-200Н ни минтақа энергетикасини барқарор ривожлантириш учун идеал ечимга айлантиради», — деб ҳисоблайди Аманов.

«Атомстройэкспорт» компанияси томонидан Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси директори Павел Безруковнинг таъкидлашича, мазкур электр станцияси мамлакатни келгуси ўн йилликларда электр энергиясининг кафолатланган ҳажми билан таъминлайди.

«Ҳозирда Росатомнинг Инженерлик дивизиони РИТМ-200Н реакторли кичик қувватли АЭС учун ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишларини давом эттирмоқда. Бу реактор ВВЭР типидаги реакторларнинг авариясиз ишлаш бўйича кўп йиллик Россия тажрибасига асосланган энг янги ишланмадир. Россия КҚАЭС лойиҳаси Ўзбекистонни ўнлаб йиллар давомида кафолатланган электр энергияси билан таъминлайди ва минтақа ривожланиши учун энергетик асос бўлиб хизмат қилади», — деди Безруков.

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида 330 МВт қувватга эга атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома 2024 йил 27 майда имзоланган. Ҳужжатга кўра, бош пудратчи «Атомстройэкспорт» АЖ (Росатом инжиниринг бўлими) бўлиб, ишга маҳаллий компаниялар жалб этилади.

Қурилишга тайёргарлик ишлари 2024 йил ёзида бошланди. Август ойида қурилишчилар учун вақтинчалик ишчилар лагери қурилиши бошланди ва бу ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги илк қадам бўлди. КҚАЭС лойиҳаси нафақат электр станциясини, балки маданий-маърифий ва тиббиёт муассасаларини ҳам қуришни назарда тутади.

ℹ️ Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилиши тўғрисидаги битим 2017 йил декабрида имзоланган эди. Қиймати 11 миллиард доллар бўлган биринчи энергия блоки 2028 йили ишга туширилиши режалаштирилган.

«Росатом» билан кичик АЭСни лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича янги шартнома 2024 йил 27 май куни Тошкентда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида имзоланган эди. Шу муносабат билан томонлар 2018 йил 7 сентябрда тасдиқланган икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомани имзоладилар.

Ўзбекистондаги кичик АЭС атом музёрар кемаларида қўлланилган ва денгизда фойдаланиш учун амалиётда исботланган РИТМ-200 сувли ядро реакторига асосланган. Бироқ, мазкур реакторларга эга АЭС қуруқликда ҳали қурилмаган ва шунинг учун у тўлиқ референтли ҳисобланмайди. Бундай лойиҳани амалга ошириш ишлари Ёқутистонда 2024 йили бошланган. Бундан ташқари, ушбу технология авваллари фақат совуқ ўлкаларда қўлланилган.

«Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедхаджаев «Ўзбекистон ушбу технологияни синовдан ўтказувчи майдонга айланадими?» деган саволга, бундай хавф йўқ, чунки технологиялар «ер устида ишлашга мослаштирилган, ишлаш принципи эса ўзгармайди», дея жавоб берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ