Қирғизистон президенти ҳузурида Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар агентлиги ташкил этилди

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссияси Республика Президенти ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлигига айлантирилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда айтилишича, қарор диний ва миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати самарадорлигини ошириш, «ушбу соҳалардаги муаммоларни ҳар томонлама ҳал этиш бўйича тўпланган ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинган.

Агентликка қуйидаги вазифалар юклатилди:

👉 дин ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;

👉 фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги борасида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қонун доирасида давлат ва диний-этник бирлашмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

👉 дин эркинлигининг ҳуқуқий кафолатларини яратиш ва давлат-дин муносабатлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;

👉 давлат органларининг диний ва миллатлараро сиёсат масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

👉 дунёвий, кўп конфессияли ва кўп миллатли жамият қадриятларини тарғиб қилиш;

👉 диний ташкилотларнинг фуқаролар хавфсизлиги, саломатлиги, маънавияти ёки конституциявий тузумига таҳдид солувчи фаолиятига қонун доирасида қарши курашиш;

👉 диний экстремизм ва миллатлараро низоларнинг олдини олиш бўйича давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик;

👉 миллатлараро бирдамликни, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш дастурларини ишлаб чиқиш;

👉 миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва умум фуқаролик ўзига хослигини ривожлантириш;

👉 этник хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, Қирғизистондаги барча этник гуруҳлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш;

👉 миллатлараро ва динлараро можаролар ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш.

Янги агентликнинг низоми ва бошқарув схемаси тасдиқланди. Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлигига миллатлараро муносабатлар соҳасидаги функцияларни 14 бирликдан иборат бошланғич штат, шунингдек, тегишли молиявий ва моддий-техника ресурслари билан Агентликка ўтказиш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ