ТИТҲ қувғиндаги Тожикистон ҳукумати тузилаётганини эълон қилди

ТИТҲ етакчиси Шарофиддин Гадоев. tajreform.org сайти фотосурати

«Тожикистон Ислоҳот ва тараққиёт» ҳаракати (ТИТҲ) Тожикистоннинг қувғиндаги вақтинчалик ҳукуматини шакллантириш жараёни бошланганини эълон қилди. Мурожаат муаллифларига кўра, ушбу ташаббус Эмомали Раҳмоннинг «ўттиз йиллик авторитар бошқаруви» туфайли мамлакатда юзага келган сиёсий инқироздан чиқиш учун демократик кучларни бирлаштиришга қаратилган.

ТИТҲ раиси Шарофиддин Гадоевнинг тожик диаспораси, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида тарқатган баёнотида ҳаракат барча «эркин ва масъулиятли фуқаролар»ни, жумладан, сиёсий фаоллар, зиёлилар, диний арбоблар ва фуқаролик жамияти вакилларини умуммиллий мулоқот учун бирлашишга чақиради.

Мурожаат муаллифлари Тожикистонда демократик институтлар бутунлай йўқ қилингани, судлар, хавфсизлик кучлари ва иқтисодиёт ҳукмрон оила назоратида эканини таъкидлайди. ТИТҲ мухолифат, мустақил журналистлар ва диндорларга, шунингдек, минглаб сиёсий маҳбусларга қарши оммавий репрессияларга ишора қилади.

«Ҳозирги тузум нафақат Тожикистонга, балки бутун минтақа барқарорлигига таҳдид солмоқда», — дейилади баёнотда.

Унинг муаллифларига кўра, муваққат ҳукумат халқаро майдонда тожик халқи манфаатларининг қонуний вакилига айланади ва қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

👉 инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш;

👉 халқаро назорат остида эркин сайловлар ўтказиш учун шарт-шароитларни тайёрлаш;

👉 авторитаризмдан демократияга тинч йўл билан ўтиш.

Ушбу саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун вақтинчалик ҳукуматни шакллантириш, ўтиш даври учун «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва халқаро музокаралар олиб бориш учун масъул бўлган Миллий кенгаш тузиш таклиф этилади.

ТИТҲ муваққат ҳукумат бир гуруҳ томонидан тузиб бўлмаслигини таъкидлайдибунинг учун барча мухолифат ва фуқаролик кучлари, жумладан, диаспора иштирокида кенг мулоқот зарур.

«Тожикистон тақдирига бефарқ бўлмаган ҳақида барчани ушбу жараёнга қўшилишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

ℹ️ Шарофиддин Гадоев мухолифат асосчиларидан бири ва (кейинчалик Туркияда ўлдирилган Умарали Қувватов билан бирга) Тожикистонда фаолияти тақиқланган «24 гуруҳи»ни тузган. У 1985 йил 15 майда туғилган. Тожикистон Миллий университетининг ҳуқуқ факультетини тамомлаган. 2003 йилдан 2012 йилгача тадбиркорлик билан шуғулланган, кейин республикани тарк этган. 2013 йилдан буён у Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига кўра халқаро қидирувда бўлган. Гадоев Европа давлатларида бир неча бор ҳибсга олинган, бироқ терговдан сўнг қўйиб юборилган. 2020 йил январь ойида Интерпол унинг исмини қидирувлар рўйхатидан олиб ташлаган.

Эмиграцияда Гадоев «Тожикистон ислоҳотлари ва тараққиёти» ҳаракатини тузади ва 2018 йил сентябрь ойида мухолифат кучлари коалицияси – Тожикистон Миллий альянси (ТМА) асосчиларидан бирига айланади. Кейинчалик мазкур ташкилот Тожикистон ҳукумати томонидан террорчи-экстремистик ташкилот деб эълон қилинади. Бироқ, 2024 йил август ойида ТИТҲ Альянснинг бошқа аъзолари билан келишмовчиликлар туфайли ТМАдан чиқишини эълон қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ