Тожикистоннинг «Сомон Эйр» компанияси 14 апрелдан Душанбе-Красноярск-Душанбе йўналиши бўйича мунтазам парвозларни тиклайди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри авиаташувчи матбуот хизматига таяниб хабар берди.
«Душанбе ва Красноярск ўртасидаги рейсларнинг қайта тикланиши «Сомон Эйр»нинг ўз йўналишлар тармоғини кенгайтириш ва Тожикистон ва Россиянинг муҳим нуқталари ўртасида қулай алоқаларни таъминлаш истагини акс эттиради», — дейилади авиакомпания хабарида.
Парвозлар ҳафтада бир марта душанба кунлари амалга оширилади. Учиш вақти: Душанбедан — 13:30, Красноярскдан — 20:50 (маҳаллий вақт). Тожикистон пойтахтидан Россия шаҳрига парвоз давомийлиги 3 соат 45 дақиқа, қарама-қарши йўналишда эса 4 соат.
Авиакомпания Boeing 737-800 ва Boeing 737-900 самолётларидан фойдаланади. Тожикистон авиаташувчиси сайтидаги маълумотларга кўра, чипталар нархи 373 долларни ташкил қилади.
«Сомон Эйр» 2018 йили Душанбедан Россиянинг тўққиз шаҳри, жумладан, Красноярскга парвозларни тўхтатган. Бунга «Уральские авиалинии»нинг Душанбедан Челябинск ва Пермга учишига рухсат берилмагани сабаб Росавиация билан юзага келган келишмовчилик сабаб бўлган.
ℹ️ «Сомон Эйр» авиация бозорида 2008 йилдан бери фаолият юритиб келади ва Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) аъзоси ҳисобланади. Компания парки тўртта Boeing 737-800 ва иккита Boeing 737-900 самолётларидан иборат. Ҳозирда авиаташувчи Тожикистондан 25 та йўналиш бўйича мунтазам рейсларни амалга оширмоқда.