Ўзбекистон Президенти Парламентлараро иттифоқ Бош котибини «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Мартин Чунгонг ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқ раҳбарияти билан учрашув ўтказди ва унда мазкур ташкилот Бош котиби Мартин Чунгонгга «Дўстлик» орденини топширди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Чунгонг ҳамкорликни ривожлантириш ва парламент дипломатиясини самарали илгари суришга қўшган катта ҳиссаси учун олий давлат мукофоти билан тақдирланган.

Парламентлараро иттифоқнинг юқори даражали вакиллари давлат раҳбарини Тошкент шаҳрида ташкилотнинг юбилей Ассамблеяси муваффақиятли ташкил этилгани ҳамда унинг ялпи мажлисида дастурий нутқ сўзлагани билан самимий қутладилар.

Меҳмонлар бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани ва илгари сурилган ташаббуслар тўлиқ қўллаб-қувватлангани Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар, айниқса, парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижаларнинг халқаро эътирофи эканини таъкидладилар.

Шунингдек, 2017 йили Парламентлараро иттифоқдаги иштирокини тиклаган Марказий Осиё давлати мазкур ташкилот билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилаётгани айтилди. Шу тариқа, ўтган бир неча йил давомида Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича парламентлараро форум ҳамда Тошкент шаҳрида парламентлар аёл раҳбарларининг 14-саммити ташкил этилди.

Суҳбат чоғида мамлакатлар ва халқлар ўртасида тинчлик ва конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, «яшил» тараққиёт ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлигини кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни парламент фаолиятига янада кўпроқ жалб этиш бўйича дастурларни амалга оширишда парламент дипломатиясининг аҳамияти қайд этилди.

Мирзиёев 7 апрель куни Ассамблеядаги қутлов нутқида республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, мазкур тадбирнинг кун тартибидаги долзарб масалаларни белгилаб берди.

Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, араб давлатлари – Баҳрайн, Миср, Уммон, Қатар, БАА, шунингдек, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон ва Вьетнам парламент делегациялари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

ℹ️ 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмаларни бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясиилк бор Марказий Осиёда – Тошкентда бўлиб ўтди. Форумда 140 мамлакатдан 2000 дан ортиқ киши иштирок этди. Тадбир шиори – «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ