Профессор Серик Мейрманов Япониянинг етакчи халқаро университетларидан бири — Ritsumeikan Asia Pacific University (APU) нинг вице-президенти (проректори) лавозимига тайинланган биринчи Қозоғистон фуқароси бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Олжас Беркинбаев Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида маълум қилди.
«Мазкур қарор муҳим воқеадир, зеро Қозоғистон фуқароси тарихда илк бор Япония олий таълим муассасаси раҳбариятидаги бундай юксак ва масъулиятли лавозимни эгаллади. Бу факт профессор Мейрмановнинг нафақат юксак касбий ва шахсий фазилатларини, балки Қозоғистон илмий ва таълим мактабининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини ҳам урғулайди», — деб ёзади Беркинбаев.
APU университети Беппу шаҳрида жойлашган. Профессор Серик Мейрманов вице-президент лавозимига тайинлангунга қадар мазкур университетда уч йил ўқув ишлари бўйича декан лавозимида ишлаган.
Мейрманов Қозоғистонда олий тиббий маълумотга эга бўлган ва Японияда PhD даражасини ҳимоя қилган. Ҳозирда Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича Миллий кенгаш аъзоси, шунингдек, чет эллик эксперт сифатида Миллий илмий кенгаш (МИК) аъзоси ҳисобланади.
Мейрманов ушбу лавозимга тайинлангани ҳақида фикр билдираркан, бу унинг учун шараф ва катта масъулият эканини таъкидлайди. «Мен ҳам Қозоғистонни халқаро академик ҳамжамиятида шу даражада тақдим эта олганимдан фахрланаман ва умид қиламанки, бу тайинлов Япония ва Қозоғистон ўртасидаги илмий ва таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, зеро Қозоғистон президенти илм-фан, халқаро илмий тадқиқотлар ва халқаро таълимни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда», — деди профессор.
Мейрманов 2025 йил 1 апрелдан расман ишга киришади.