ОАВ: БАА суди раввин ўлимида гумон қилинган уч нафар ўзбекистонликни ўлим жазосига ҳукм қилди

freepik.com сайти фотосурати

Бирлашган Араб Амирликлари суди ўтган йил ноябрь ойида раввин Цви Коганни ўлдиришда гумон қилинган уч нафар ўзбекистонликни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Исроил ҳукуматидаги расмий манбаларга таяниб, Ynetnews.com хабар берди.

Мазкур маълумотларга кўра, ҳукм 30 март, якшанба куни эълон қилинган. Ижтимоий тармоқларда гумонланувчининг онаси ва синглисига «учаласи» ўлим жазосига ҳукм қилинганига оид тарқалган аудиоёзуви ҳам тилга олинган. Бироқ, мулоқот ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масала бўйича ҳали расмий баёнот бермаган, ўз каналлари орқали ҳукм тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритаётганига ишора қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 21 ноябрда раввин Коган ғойиб бўлгани маълум бўлганди. Kўп ўтмай БАА полицияси унинг жасадини топган. Уч нафар гумондор зудлик билан қўлга олинган: хавфсизлик ҳисоботларида 28 ёшли Олимпи Тоҳирович (Olimpi Tohirovich), 28 ёшли Маҳмуджон Абдурраҳим (Makhmudjon Abdurrahim) ва 33 ёшли Азизи Комилович (Azizi Kamilovich) дан иборат уч нафар Ўзбекистон фуқароси тилга олинган.

ℹ️ Цви Коган — Исроил ва Молдова фуқароси бўлган. У ортодоксал яҳудийларнинг БАА даги «Хабад» гуруҳи раҳбари, шунингдек, ушбу давлат бош раввинининг ўринбосари бўлган.

Ўтган йил ноябрь ойида Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг идораси раввиннинг ўлдирилишини кескин қоралаб, буни «ярамас террорчилик ҳаракати» деб атаган. Расмийлар айбдорларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаган. Ўшанда воқеа ҳолатларини аниқлаштириш жараёнига Исроил разведка хизмати Моссад ҳам қўшилгани маълум бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ