Афғонистон бир йилда Россиядан 132 миллион долларлик суюлтирилган газ импорт қилди

Газ омбори. neftegaz.ru сайти фотосурати

2024 йил мартидан 2025 йил мартига қадар Афғонистон Россиядан қиймати 132 миллион долларлик 275 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ импорт қилди. Бу ҳақда толиблар* ҳукумати Саноат ва савдо вазирлиги вакили Охунзода Абдул Салам Жавод маълум қилди, деб хабар беради Tolonews.

Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси Ханжан Алокозай сўзларига кўра, бу «жуда арзон ва сифатли битим». «Республика даврида қишда газ нархи бир бирлик учун 90-100 афғон (1,2-1,4 доллар)гача кўтарилган. Лекин бу йил Россиядан газ импорти туфайли нархларда сезиларли ўсиш кузатилмади — атиги бир-икки фоизга, бу бозорга сезиларли таъсир кўрсатмади», — деди Алокозай.

Айрим экспертлар, аксинча, газ импортини қисқартиришни ва асосий эътиборни ички ресурсларни қазиб олишга инвестициялар йўналтиришни таклиф қилмоқда.

Айни пайтда Reuters агентлигининг ёзишича, ўтган йил охирида Европа Иттифоқнинг Россияга қарши янги санкциялари туфайли Москва Афғонистон ва Марказий Осиёга суюлтирилган газ экспортини оширган. Хусусан, жорий йил январь ва февраль ойларида Афғонистонга 71 минг тонна Россиядан суюлтирилган газ импорт қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 52 фоизга кўпдир.

Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан импорт Афғонистоннинг газга бўлган эҳтиёжининг катта қисмини қондиради.

Россия Афғонистонга суюлтирилган газ етказиб беришни COVID-19 пандемияси сабабли икки йиллик танаффусдан сўнг 2022 йил март ойида қайта тиклаган. Ўша йилнинг август ойида томонлар Афғонистонга 500 минг тонна суюлтирилган газ, шунингдек, бензин ва ғаллани бозор нархидан паст нархларда етказиб беришга келишиб олганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ