Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) ва бир қатор клубларда 3 миллиард тенге (6 миллион доллар) миқдорида зарар етказган самарасиз бошқарув ва молиявий қоидабузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Прокуратура текширувлар давомида асоссиз мукофот пуллари бериш, инфратузилма объектларини қуришда маблағларни ўзлаштириш, футболчилар билан шубҳали битимлар тузиш, спортчилар овқатланишига ажратилган маблағларни ўғирлаш ҳолатларини аниқлаган.
Федерация собиқ раҳбарияти томонидан йўл қўйилган қоидабузарлик фактлари:
👉 танлаб олинган ходимлар ва спортчиларга умумий қиймати 300 миллион тенгедан (600 минг доллар) ортиқ миқдорда асоссиз мукофотлар берилиши;
👉 Талгар шаҳрида ҚФФ маъмурий биноси ва ўқув базасини қуриш жараёнида 350 миллион тенге (700 минг доллар) дан ортиқ амалда бажарилмаган ишлар учун тўлов;
👉 Олмаота вилоятида 2021 йили бошланган база қурилишини музлатиш ва пудратчи ҳисобини блоклаш;
👉 стратегик ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишга 135 миллион тенге (270,2 минг доллар) миқдорида маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши.
«Ордабаси» (Чимкент), «Актўбе» ва «Жетису» (Толдиқўрғон) футбол клубларида ҳам ўтказилган текширувлар натижасида бир қатор жиддий қонунбузарликлар, жумладан, шартнома суммаларини ошириб юбориш, футболчиларни арзон нархларда сотиш ва оширилган нархларда харид қилиш, шунингдек, маблағларни ўғирлаш ҳолатлари аниқланган.
Терговга қадар текширувлар бошланган. Футбол федерациясининг собиқ раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши Молиявий мониторинг агентлигига ўтказилган. Бироқ, Бош прокуратура ўз ҳисоботида қонунбузарликда гумон қилинаётган аниқ шахслар номини келтирмаган.
Адилет Барменқулов камида уч йил давомида ҚФФ президенти бўлган. У бу лавозимни 2022 йил февралидан 2024 йил ноябригача эгаллаган. Барменқулов истеъфога чиққанидан сўнг дарҳол Коррупцияга қарши кураш агентлиги унинг фаолияти юзасидан текширув бошлаганини хабар қилган. Март ойи бошида Барменқулов ва бошқа бир қатор собиқ Федерация ходимларининг уйларида тинтувлар ўтказилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Молиявий мониторинг агентлиги ҚФФнинг собиқ раҳбариятига нисбатан терговга қадар текширув бошланганини тасдиқлаган, бироқ бирорта исм-шариф тилга олинмаган.