Ғарбий Қозоғистон вилоятида сув тошқини туфайли Уральск — Белес — Переметное автомобиль йўлида транспорт ҳаракати чекланди, деб хабар беради Kazinform вилоят полиция бошқармасига таяниб.
Бунга қорнинг тез эриши сабаб бўлган, бу эса сув сатҳининг сезиларли даражада ошишига олиб келган. Ҳозирги вақтда транспорт алоқалари муқобил йўналиш — Уральск-Саратов автомобиль йўли орқали амалга оширилмоқда.
«Ҳайдовчиларга йўлга чиқишдан олдин ушбу маълумотни ҳисобга олишларини ва барча зарур хавфсизлик чораларини кўришларини қатъий тавсия қиламиз. Бу фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда, — дейилади бошқарма хабарида.
Бир кун аввал Уральскда Сариарқа микрорайонида кучли қор эриши туфайли сув тошқини икки микрорайонни боғловчи йўлни ювиб кетгани маълум бўлган. Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, аҳоли учун ҳеч қандай хавф йўқ.
Синоптикларнинг прогнозларига кўра, 14—16 март кунлари Ғарбий Қозоғистон вилоятида ҳаво ҳароратининг +10+16 даражагача кўтарилиши муносабати билан қорнинг жадал эриши кутилмоқда.
Ўтган йил баҳорида Қозоғистонда сўнгги 80 йилдаги энг кучли сув тошқинлари юз берди. Бир қанча ҳудудлар сув остида қолди, ўн минглаб фуқаролар эвакуация қилинди. Ғарбий Қозоғистон ўша пайтда энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлиб, аҳоли икки марта сув тошқинини бошдан кечирганди.
Бу йили Шарқий Қозоғистон, Қарағанда, Ақмола, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Ақтўбе вилоятлари, шунингдек, Абай ва Улитов вилоятларида сув тошқини хавфи юқори; Олмаота, Жетису, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон ва Атирау вилоятлари ўртача хавф остида. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатдаги сув тошқини билан боғлиқ вазиятни кечаю кундуз мониторинг қилиб бормоқда.