Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги саноат техникумининг собиқ биноси авария ҳолатида бўлгани, кўп йиллардан буён фойдаланилмай, яроқсиз ҳолга келиб қолгани учун бузилади. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Унинг ўрнида Хитойнинг Soniya Group Limited компанияси Чирчиқ инновацион гимназиясини қуради. Лойиҳага 15 миллион доллар сармоя киритилади ва 100 иш ўрни яратилади.
Чирчиқ ҳокимияти бузишга рухсат берган бино «Чирчиққурилиш» меҳмонхонаси номи билан ҳам машҳур. Alerte Héritage ҳалқаро обсерватарияси президенти, Марказий Осиё модерн архитектураси тарихчиси Борис Чухович таъкидлашича, бу Ўзбекистонда постконструктивизм шаклида қурилган энг машҳур объектдир.
300 хонадан иборат тўрт қаватли меҳмонхона 1935-1936 йиллари Москва меъмори Георгий Орлов лойиҳаси бўйича қурилган. Пойдеворга биринчи ғишт 1934 йил 1 майда Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоев томонидан қўйилган. Меҳмонхонанинг беқиёс меъморий фазилатлари унинг СССР ва Ўзбекистон архитектурасига оид китоб ва журналларда кўплаб эслатиб ўтилганидан далолат беради.
Меҳмонхона 1940 йилларгача фаолият кўрсатган, шундан сўнг бино саноат техникумига айлантирилган ва у бир неча ўн йиллар давомида фаолият юритган. 2000-йиллари Ўзбекистонда техникумлар ўрнига коллежлар ташкил этила бошланади ва бу бино бўшаб, ташландиқ ҳолатига келади.

2021 йили Чирчиқ ҳокимиятининг собиқ саноат техникуми биносини бузиш режалари ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси мазкур обектни маънавий жиҳатдан эскирган ва фойдаланишга яроқсиз деб топиб, моддий маданий мерос объектлари давлат реестрига киритмаган. Борис Чуховичнинг сўзларига кўра, 2009 йили Тошкент шаҳарсозлик илмий-тадқиқот институти (ToshkentBoshPlanLITI) мутахассислари ва етакчи реставраторлари собиқ «Чирчиққурилиш» меҳмонхонаси биносини 1-тоифа ёдгорликлари қаторига киритган, бу эса уни Ўзбекистон меъморчилиги тарихидаги энг муҳим обидалар қаторига қўшади.
Жамоатчиликнинг кескин норозилигидан сўнг Чирчиқ ҳокимияти бинони тарихий санаб, бузиш режалари ҳақидаги маълумотлар сохта эканини маълум қилди. Ҳокимлик мазкур бино реконструкция қилиниб, бу ерда бокс мактаби очилиши ҳақида хабар берди.