
Қирғизистоннинг «Социал-демократла» партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ва унинг шерикларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишда фирибгарлик айбловлари пайдо бўлди. Бу ҳақда сиёсатчининг адвокати Айбек Турдуев Deutsche Welle (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) хабар берди.
Адвокатнинг эслашича, дастлаб иш «овозларни сотиб олиш» моддаси бўйича қўзғатилган; кейинчалик бунга сайлов компаниясини молиятириш қонунини бузиш ва фирибгарлик айбловлари қўшилган.
Адвокатнинг сўзларига кўра, сайловолди ташвиқоти иштирокчилари ва номзодлар сўроққа тутилганига қарамай, овозларни сотиб олиш бўйича ҳеч қандай далил йўқ. Бироқ, фирибгарлик иши бўйича жабрланувчилар пайдо бўлган – улар Султанбековнинг собиқ тарафдорлари ва ҳозирда даъво қилишмоқда. Адвокат буни ғалати ҳолат деб ҳисоблайди, чунки бу одамлар илгари сиёсатчини қўллаб-қувватлашган.
Турдуев фирибгарлик айбловлари қўзғатилгунга қадар социал-демократлар ноқонуний ҳибсга олингани ва уларни қамоқда олиб қолиш учун янги модда қўшилганига амин. Эндиликда ҳимоянинг асосий мақсади суд жараёнида айбланувчиларнинг озод этилишига эришишдир.
Февраль ойи охирида Султанбеков ва унинг шериклари иши махфийлаштирилган. Турдуевнинг сўзларига кўра, тергов сирлари туфайли улар қонунбузарликлар ҳақида очиқ гапира олмаганлар, эндиликда судда ҳеч қандай маълумотни ошкор қилишнинг имкони бўлмайди, бу эса айблов ва ҳимоячи ўртасидаги мувозанатга катта таъсир кўрсатади.
ℹ️ Темирлан Султанбеков ва унинг икки шериги — Ирина Карамушкина ва Роза Турксевер пойтахт Свердловск судининг 2024 йил 15 ноябрдаги қарори билан Бишкекдаги 1-тергов изоляторига жўнатилган. Учаласи ҳам маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида овозларни сотиб олиш моддаси билан айбланмоқда. Тергов чора-тадбирлари социал-демократлар бўлажак сайловларда овозларни сотиб олиш масаласини муҳокама қилган аудиоёзув эълон қилинганидан кейин бошланган. Жиноят иши қўзғатилганидан сўнг Бишкек ҳудудий сайлов комиссияси Социал-демократлар партиясини шаҳар кенгашига сайловлардан четлаштирган.