БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг 58-сессиясида Афғонистонда толиблар* томонидан аёллар, этник ва диний озчиликлар ва фуқаролик жамиятига нисбатан кучайтирилган репрессияларга қарши чоралар кўриш чақириқлари янгради. Бу ҳақда Amu.TV хабар берди.
БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетга кўра, толиблар ҳаракати барқарор ва принципиал халқаро босимни талаб қилади. У «Толибон»* билан ҳамкорлик қилиш учун аниқ инсон ҳуқуқлари мезонларини белгилашга чақирди, шунингдек инсон ҳуқуқлари ҳолати яхшиланмагунча улар билан муносабатларни нормаллаштирмаслик кераклигини таъкидлади.
«Халқаро ҳамжамият томонидан қатъий ва ягона жавобнинг йўқлиги толибларни дадиллаштирди. Биз Афғонистон халқи олдида қарздормиз ва толибларнинг қуюшқондан чиқишига йўл қўймаслигимиз лозим. Биз тарихдаги хатолар такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак», — деди Беннет.
Жумладан, Беннет гендер апартеидини халқаро жиноят сифатида тан олишга чақириб, бунга мисол тариқасида толибларнинг «Иллатлар ва фазилатлар қонуни»ни келтирди.
«Толиблар қонунийлик либосини кийдирган гендер зулми тизими Афғонистоннинг тинч аҳолисига қарши кенг тарқалган ва тизимли ҳужумни ташкил этади ва гендер таъқиблар билан биргаликда инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкин», — деди у.
Беннетнинг таъкидлашича, «Толибон «сиёсати ўтмиш сарқити эмас, балки уларнинг 1990-йиллардаги биринчи ҳукмронлиги даврининг давомидир ва бу гуруҳнинг мамлакатни бошқаришга вазмин ёндашаётганига оид даъволарига зиддир.
Беннет, шунингдек, 23 миллион киши, яъни аҳолининг деярли ярми — гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган Афғонистондаги гуманитар инқироз кучайиб бораётганига эътибор қаратди. Халқаро ёрдамнинг узилиши ва қисқариши туфайли вазият ёмонлашган. Спикер «Толибон» томонидан зарур хизматларга қўйилган чекловлар кучайиб бораётгани, жумладан аёлларнинг тиббиёт мактабларида ўқиши тақиқланишидан огоҳлантирди.
Беннет, шунингдек, этник ва диний озчиликларга, жумладан ҳазораларга нисбатан зўравонлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. У сентябрь ойида Дайкунди вилоятида 14 ҳазора эркак ва ўтган ноябрь ойида Бағлон вилоятида 10 нафар сўфий ўлдирилганини тилга олди. Ҳисоботда журналистлар ва собиқ ҳукумат мулозимлари таъқиб этилаётгани ҳам қайд этилган.
Афғонистонда жисмоний жазолаш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
«Йил бошидан буён камида 128 киши, жумладан 27 нафар аёл омма олдида калтакланган, қамоққа ташланган. Биргина сўнгги 48 соат ичида 14 киши, жумладан, икки аёл омма олдида калтакланган», — деди Беннетт.
У толиблар назоратидаги қамоқхоналарда қийноқлар ва жинсий зўравонлик ҳолатлари юз бераётганига доир хабарларни келтириб, маҳбуслар қонуний ҳимояланмагани ва уларнинг асосий ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотир билдирди.
Толибларнинг радикал сиёсати иқтисодий қийинчиликлар билан биргаликда афғон йигитлари ва ўсмирлари радикаллашувига ҳисса қўшиб, минтақада ва ундан ташқарида узоқ муддатли хавф-хатарларни юзага келтиради, деди маърузачи.
Беннет БМТ ва халқаро ҳамжамиятни глобал инқирозларга қарамай Афғонистон масаласини устувор вазифага айлантиришга чақирди. У «Толибон»ни инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузаётгани учун жавобгарликка тортиш учун жабрланувчиларни мустақил тергов қилиш механизмини яратишга чақирди. Аммо Беннет ўз агентлигининг бу муаммоларни ҳал этиши БМТнинг ликвидлик инқирози туфайли кескин чекланганлигидан огоҳлантирди, натижада у Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашдан олиши керак бўлган ёрдамнинг ярмидан камини олмоқда.
ℹ️ 2021 йил сентябрь ойи ўрталарига келиб бутун Афғонистон ҳудудида назорат ўрнатган «Толибон» ҳаракати аёлларга нисбатан турли ва уларнинг таъбири билан айтганда, вақтинчалик чекловларни жорий қила бошлади ва буни мамлакатда «керакли исломий муҳит»ни яратиш зарурати билан изоҳлади. Хуллас, ҳокимиятга келгач, толиблар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқишини ман қилдилар. 2022 йил декабрь ойида Афғонистон университетларида қизлар учун дарслар тўхтатилди, кейинроқ университетларда аёлларнинг, жумладан, аёл профессор-ўқитувчиларнинг ишлашига тақиқ қўйилди, аёлларнинг барча минтақавий ва халқаро нодавлат ташкилотларда ишлаши, шунингдек тиббиёт олийгоҳларида ўқиши ва тиббиёт муассасаларида ишлаши тақиқланди. Бу қарорлар бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқид қилинди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).