Туркиядаги Курдистон ишчилар партияси (РКК)нинг қамоқдаги раҳбари Абдулла Ўжалан ўзи асос солган гуруҳни қуролларини ташлашга чақирди. Бу ҳақда у курдпараст сиёсатчилар томонидан пайшанба куни эълон қилинган ёзма тарихий баёнотида айтиб ўтди, деб хабар беради Middle East Eye.
▫️ РКК қисқартмаси курд тилида Partiya Karkerên Kurdistan бўлиб, Курдистон Ишчилар партияси деб таржима қилинади. Туркчада Kürdistan İşçi Partisi. Бу ном 1978 йили Абдулла Ўжалан томонидан асос солинган ташкилотнинг асл марксистик-ленинистик йўналишини акс эттиради, бунда курд халқининг ҳуқуқлари ва турк давлатига қарши курашга урғу берилган.
Ўжалан бир ярим саҳифалик баёнотида бир пайтлар курдлар кимлигини инкор этувчи, курдлар ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи сиёсат туфайли давлатга қарши қуролли кураш зарур бўлганини тушунтиради. «РКК 20-асрда, инсоният тарихининг энг шафқатсиз даврида, икки жаҳон уруши ўртасида, бутун дунё бўйлаб реал социализм ва совуқ уруш тажрибаси таъсирида дунёга келди», — дейди у.
Шу билан бирга, Ўжалан Туркия ҳукуматининг курдлар масаласи бўйича демократик қадамлари, шунингдек, минтақавий ўзгаришлар туфайли энди қуролли қаршиликларнинг маъноси йўқлигини таъкидлайди. «Барча гуруҳлар қуролларини ташлаб, РКК ўзини ўзи тарқатиб юбориши керак», — дея таъкидлайди у.
«Мен қуролли курашни тўхтатишга чақираман ва бу чақириқ учун тарихий масъулиятни ўз зиммамга оламан», — дея қўшимча қилган у тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиш учун конгресс чақиришга ундаркан.
Баёнот, курдлар тарафдори бўлмиш Халқ Тенглик ва Демократия партияси (DEМ) делегациясининг Истанбул жанубидаги Имрали оролидаги қамоқхонада Ўжаланни зиёрат қилганидан сўнг ўша куни Истанбулда ўқиб эшиттирилди.
Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ РККни тинч аҳолига уюштирган ҳужумлари туфайли террорчилик ташкилоти қаторига киритади. Ўжалан ва Туркия ҳукумати ўртасидаги музокаралар ўтган йили бошланган ва Туркия миллий етакчиси, Миллий ҳаракат партияси (МНР) раиси ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг иттифоқчиси Девлет Бахчели томонидан оммага ошкор қилинган эди.
Октябрь ойида Бахчели Ўжаланни РККни тарқатиб юборишни расман эълон қилиш учун парламентга чиқишни таклиф қилганди, бу эса уни «умид ҳуқуқи» тамойили асосида озод қилиш учун қонуний жараёнга йўл очиши мумкин эди. Бу таклиф МНР партиясининг курд муаммосидаги анъанавий қатъий позициясини ҳисобга олган ҳолда кутилмаган бўлди.
Ўжаланнинг Ироқнинг шимолий тоғли ҳудудлардаги РКК жангариларини конгресс йиғилишидан сўнг қуролларини ташлашга чақириши кутилмоқда, аммо когресс вақти ҳали белгиланмаган.
Бу Туркия ва Ироқдаги камида 5000 нафар РКК жангариларининг қуролсизланишига олиб келиш мумкин ва 40 йилдан ортиқ вақт давомида 40 000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган можарога барҳам бериш йўлидаги биринчи қадам бўлади.
*
Абдулла Ўжалан (турк. Abdullah Öcalan, курд. Ebdulla Ocelan) — курд сиёсатчиси, мафкурачиси ва Курдистон ишчилар партияси (РКК) асосчиси. 1949 йил 4 апрелда Туркиянинг Шанлиурфа вилояти Омерли қишлоғида камбағал фермер оиласида туғилган. У Анқара университетининг сиёсатшунослик факультетида таҳсил олган, аммо уни тамомлай олмай, сўл ғоялар ва курд миллатчилигига қизиқиб қолган.
1978 йили Ўжалан РККга асос солган бўлиб, дастлаб Туркия жануби-шарқида марксистик-ленинистик мафкура ва курдлар ҳуқуқлари учун курашни уйғунлаштирган мустақил курд давлатини яратиш тарафдори бўлган. 1984 йили унинг раҳбарлигида РКК турк давлатига қарши қуролли қўзғолон кўтарган ва бу ўн минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган кўп йиллик тўқнашувларга олиб келган.
Ўжалан ташкилотни 1970 йилларнинг охиридан 1998 йилгача Сурияда туриб бошқарган. Кейинчалик Туркия босими сабаб уни Суриядан уни чиқариб юборишади. Россия, Италия ва Греция бўйлаб дарбадарликдан сўнг 1999 йил 15 февралда Марказий разведка бошқармаси кўмагида Кениянинг Найроби шаҳрида турк разведкаси томонидан қўлга олинган. 1999 йили Туркия суди уни терроризм ва айирмачиликда айблаб, ўлимга ҳукм қилган, бироқ 2002 йили Туркияда ўлим жазоси бекор қилинганидан кейин бу жазо умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган.
1999 йилдан бери Ўжалан Мармара денгизидаги Имрали оролидаги қамоқхонада бир кишилик камерада сақланмоқда. Қамоқда у ўз қарашларини қайта кўриб чиқади ва «демократик конфедерализм» концепциясини — алоҳида давлат яратмасдан ўзини ўзи бошқаришнинг марказлашмаган тизимини таклиф қилади. Изоляцияга қарамай, у курд ҳаракати учун нуфузли шахс бўлиб қолмоқда.
Ўжалан қамоқхонада ёзилган бир қанча китоблар, жумладан, «Демократик конфедерализм» ва «Озодлик социологияси» муаллифидир. Унинг шахсияти турлича баҳоланади: ўз тарафдорлари учун у курдлар ҳуқуқлари учун кураш рамзи, Туркия ва бир қатор давлатлар учун эса террорчилик ташкилотининг раҳбаридир.