Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлади. Давлат раҳбари томонидан имзоланган тегишли қонун 26 февраль куни Lex.uz маълумотлар базасида эълон қилинганидан сўнг кучга кирди.
Концепцияда виждон эркинлиги ҳуқуқлари ва конституциявий қоидаларга кўра Ўзбекистон дунёвий давлат экани белгилаб қўйилган. Қайд этилишича, мазкур ҳужжат давлатчилик ва умуминсоний қадриятларни ривожлантиришнинг бой миллий-тарихий тажрибасига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, бутун жамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатлик асосида ўзаро тотувликда яшаш учун зарур бўлган барқарор муҳитни таъминлашга қаратилган.
Диний соҳадаги давлат сиёсати қуйидаги тамойилларга асосланади:
✅ қонунийлик;
✅ виждон эркинлиги;
✅ диннинг давлатдан ажратилганлиги;
✅ тенглик;
✅ эркин фикрлаш;
✅ динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш.
Асосий вазифаларга қуйидагилар киради:
👉 жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг қонун олдида эркинлиги ва тенглигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
👉 кўп миллатли ва кўп конфессияли халқлар бирлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш;
👉 фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш;
👉 диний қарашларни зўравонлик билан сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, республика аҳолисининг динга муносабатидан қатъи назар, виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириши учун шароит яратиш.
Концепцияда давлат бошқаруви, иқтисодиётни тартибга солиш, таълим, тиббиёт, маданият, никоҳ институти, жамоат ахлоқи ва хулқ-атвори нормаларини шакллантириш каби соҳаларда дунёвийликка таяниш эълон қилинган.
Ҳужжатда Ўзбекистон бугунги кунда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик таъминланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Республикада 16 конфессияга мансуб 230 дан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритади, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Диний таълимга эътибор қаратилмоқда: республикада 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, шу жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант диний семинариялари мавжуд. Турли дин вакиллари ўртасидаги мулоқот учун самарали платформа вазифасини ўтаётган Конфессиялар бўйича кенгаш фаол иш юритмоқда.