Ташиев Қирғизистон ва Тожикистон ўзаро алмашган баҳсли ҳудудларни санаб ўтди

КАМЧИБЕК ТАШИЕВНИНГ ПАРЛАМЕНТДАГИ ЧИҚИШИ. KENESH.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти)нинг 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон билан давлат чегарасини делимитация қилиш масаласида эришилган келишувлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Economist.kg хабар берди.

Ташиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистонга Қайроғоч ҳудудидан 155 гектар ва шу номдаги анклавдан 35 гектар ер берилган. Бунинг эвазига Тожикистон 190 гектар, жумладан, Саада, Раззоқов, Селкан, Майти, Пролетарск, Оқ-Ариқ ва Улак-Жай ҳудудлари, шунингдек, Дўстук бозори ва Хўжанд-Қонибодам/Арка автомобиль йўлини олган.

«Биз Тожикистондан 190 гектар олдик, улар Қирғизистондан 190 гектар ер олди. Барча ер участкалари тенг равишда алмашилди», – деди МХДҚ раҳбари.

Ташиевнинг таъкидлашича, Тожикистон билан олиб борилган музокаралар натижасида Боткен ва Исфара туманларидаги баҳсли ҳудудларга оид масалалар ҳал этилган. Дўстуқ қишлоғи Қирғизистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлмагани учун бутунлай Тожикистонга ўтказилган. Бунинг эвазига Қирғизистон 91 гектар ер, шунингдек, Лакконда қўшимча 30 гектар ер олган, у ерга Дўстуқ қишлоғи аҳолисини жойлаштириш режалаштирилган.

Тожикистон фуқаролари истиқомат қиладиган Ворух анклавининг майдони 19 минг гектардан 14,5 минг гектарга қисқартирилган. Бишкек Ворух атрофидаги 1000 гектар майдонни Душанбега ўтказиб, эвазига Чўн-Олай туманидаги 1000 гектар Қарагансойни олган.

«Головной» сув олиш жойини тенг яримга бўлишга қарор қилинган — ҳар бир мамлакат учун 1,5 люк. Натижада Қирғизистон авваллари можаро ҳудуди бўлган Унжу-Буландан 500 гектар, Сулухтага киравериш яқинида жойлашган Карўл-Дондан 100 гектар, Катта-Туздан 150 гектар ер олган. Натижада чегара Сулухтага олиб борадиган автомагистралдан узоқлаштирилган. Катта Тузга келсак, давлатлар бу ерни иккига бўлган — ҳар бири 300 гектардан. Аммо «Головной»нинг ярми эвазига қўшимча 150 гектар олинганлиги сабабли Қирғизистон пировардида Катта Туздаги 600 гектарнинг 450 гектарини олган.

Умуман олганда, Ташиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон икки давлат мутахассисларига сув ҳавзалари бошқа давлат ҳудудида бўлса ҳам, уларда эркин ишларни олиб бориш имконини берувчи келишувга эришган.

Томонлар нейтрал йўллар қуришга ҳам келишиб олганлар:

👉 Дача – Қапчиғай – Хўжалуу – Ворух ва

👉 Мин-Орук – Самарқанд – Арион – Шуристон.

Уларнинг ҳар бирининг узунлиги 3,2 км дан, эни 40 метрдан ошади. Бу йўллар чегарадош қишлоқлар аҳолисига давлат чегарасини кесиб ўтмасдан нейтрал ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш имконини беради.

Бундан ташқари, 254 метр узунликдаги Торт-Кочо йўли нейтрал мақом олади.

«Бу қирғиз ёки тожик йўли бўлмайди, нейтрал йўл бўлади. У ерда кўприк бор, у биз томонда қолди, биргина шу битта кўприк бўйича олти ой музокаралар олиб бордик, чунки биз уни қурдик, лекин Тожикистон ер ажратиб берганди. Бу кўприк биз учун стратегик аҳамиятга эга. Тожикистон томони Дача-Капчиғай йўлини ўзи қуради ва ундан фойдаланади, биз Мин-Ўрук-Самарқандек йўлини қурамиз. Торт Кочо биргаликда ишлатилади. Бундан ташқари, Лейлек туманида, Сай участкасида Кулундидан Мақсатгача бўлган йўл бор, Қирғизистон томони ундан бемалол фойдаланиши мумкин», — дея Ташиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради 24.kg нашри.

МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, музокаралар оғир кечган ва кўплаб учрашувларни талаб қилган. Улар 2022 йил декабрь ойида бошланган бўлиб, шу вақт мобайнида икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасида 45 та баённома, 86 та топографик гуруҳлар, 25 та ҳуқуқий масалалар бўйича ишчи гуруҳлар имзоланган.

Ташиевнинг қайд этишича, томонлар ҳуқуқий келишмовчиликлар туфайли узоқ вақт давомида ўзаро келишувга эриша олмаган.

«Тожикистон томони 1924-1927 йиллардаги ҳужжатларга таянмоқчи бўлди, лекин биз халқаро миқёсда тан олинган шартномалардан, жумладан, Олмаота декларациясидан ва 1991 йилдаги МДҲни ташкил этиш ҳақидаги ҳужжатдан фойдаланишни талаб қилдик. Шу сабабли ўн йил давомида бир метр ҳам чегара бўйича келишиб олинмаган. Натижада Тожикистон бизнинг ёндашувимизга рози бўлди», – деб тушунтирди МХДҚ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, илгари барча ҳужжатларга музокаралар чоғида мураккабликлар олдини олиш учун «фақат расмий фойдаланиш учун» белгиси қўйилган. Аммо ҳозирда очиқ муҳокама қиланади, чунки келишувларга эришилган ва ҳужжатлар имзоланган.

ℹ️ Ташиевнинг сўзларига кўра, қирғиз-тожик чегарасининг умумий узунлиги 1006,84 км (илгари 976 км деб айтилган эди). Уларнинг 519 километри 2011 йилгача, қолган 486 километри эса охирги уч йилда келишилган. Баҳсли ҳудудларда икки давлатнинг чегарадош вилоятлари аҳолиси ўртасида сув, қуруқлик ва йўллар билан боғлиқ низолар мунтазам равишда юзага келган. Энг йирик можаролардан бири 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган, ўшанда тўқнашувлар кўплаб қурбонлар билан якунланган – 100 га яқин киши ҳалок бўлган, 150 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Тўқнашувлар юзлаб уйлар ва инфратузилмага зарар етказган, кўплаб одамлар бошпанасиз қолган ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлган.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблаб, кейинчалик умумий чегарани делимитация қилиш жараёнини фаоллаштирди. 2024 йил декабрь ойида томонлар баҳсли ҳудудларнинг қолган бўлимлари тавсифи тўлиқ якунланганини эълон қилди. Давлат чегараси ҳақидаги келишув 2025 йил 21 февралда Бишкек шаҳрида имзоланди. 26 февраль куни Қамчибек Ташиев келишувни ратификация қилиш жараёни бир ой ичида якунланишини маълум қилди. 27 февраль куни парламент аъзолари чегара келишувларини муҳокама қилмасдан маъқуллади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ