Чет эл маркетплейслари (электрон тижорат майдонлари -тарж.изоҳи) қозоғистонлик истеъмолчиларга қилган савдосидан ҚҚС ва бошқа солиқларни тўлаши керак. Мажилис (парламент қуйи палатаси) даги «Ак жол» партияси фракцияси раҳбари Азат Перуашев Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангаринга мана шундай таклиф билан мурожаат қилди, деб хабар беради Vласть.kz.
«Парламентдаги «Ак-Жол» фракцияси чет эл маркетплейсларини Қозоғистон солиқ органларида мажбурий рўйхатдан ўтказиш талабини илгари суради. Ҳиндлар мисолида чет эл маркетплейслари учун Қозоғистон платформалари ва ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш лозим. Қозоғистонлик истеъмолчилардан олинадиган даромадлар учун мажбурий қўшилган қиймат солиғи ва бошқа солиқларни жорий этиш керак», — деб таъкидлаган Перуашев.
Бундан ташқари, у чет эл маркетплейслари орқали божсиз савдо параметрларини камайтириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблайди (улар 200 евродан арзонроқ товарларни божсиз олиб киришлари мумкин).
Депутатнинг сўзларига кўра, 2023 йили чет эл маркетплейслари Қозоғистонга 505 миллиард тенге (1 миллиард доллар)лик маҳсулот етказиб берган, шу билан бирга бюджетга 24 миллиард тенге (48 миллион доллар) ёки савдо айланмасининг 4,8 фоизини тўлаган.
«Қозоғистон маркетплейсларининг бир хил импорт товарлари учун солиқ юки, экспертларнинг фикрига кўра, 16,3 фоизни ташкил этади, яъни деярли тўрт баробар кўп. Маҳаллий платформалар орқали ишлаётган қозоғистонлик тадбиркорлар турли тўловларнинг 62 фоизигача тўлашга мажбур», — дейди депутат.
Шундай қилиб, «Қозоғистонда жисмонан мавжуд бўлмаган» чет эл маркетплейслари, жумладан Temu, Amazon ва AliExpress адолатсиз рақобат устунликларига эга, деб ҳисоблайди у.
Перуашев таклифи Қозоғистонда муҳокама қилинаётган солиқ ислоҳоти фонида янгради. Лойиҳага кўра, қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 12 фоиздан 16 фоизгача оширилади (айрим тармоқлар учун 10 фоиз ставкага пасайтирилган). Бундан ташқари, ҚҚС бўйича рўйхатдан ўтиш чегараси 78,6 миллиондан (тахминан 150 минг доллар) 15 миллион тенгега (29 минг доллар) туширилади. Тадбиркорлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳужжат парламент депутатлари кўриб чиқиши учун тақдим этилган.