Афғонистоннинг ғарбий ва жанубий ҳудудларида юз берган сув тошқинлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

amu.tv сайти фотосурати

Афғонистоннинг жануби ва ғарбида 25 февраль куни содир бўлган сув тошқинлари оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда AmuTV табиий офатларга қарши кураш бошқармасига таяниб хабар берди.

Афғонистондаги сув тошқинларига кучли ёмғир сабаб бўлмоқда. Афғонистон ғарбидаги Фараҳ вилоятида содир бўлган табиий офат оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлган, 44 киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида аёллар ва эркаклар бор. Қурбонлар сони ортиши мумкин.

«Жумладан, Пушток мавзесида Коджер қишлоғи томон йўлга қиққан чиққан уч нафар болали оила табиий офат домида қолган», — дейилади бошқарма хабарида.

Фараҳ полицияси қўмондонлиги ҳалок бўлганларни тасдиқлаб, сув тошқини жабрланган ҳудудда кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлганини айтган.

Шу куни жанубдаги Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятларида сув тошқинлари оқибатида камида 10 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган. Ҳилманднинг Герешк туманидаги турар-жой биносига чақмоқ тушиши оқибатида яна олти киши жабрланган.

2024 йили Афғонистонда кучли сув тошқинлари содир бўлди, натижада кўплаб инсонлар ҳалок бўлди ва моддий зарар етказилди. Шу тариқа, май ойида шимолий ҳудудларда, хусусан, Бағлон вилоятида 315 киши ҳалок бўлган, 1600 киши шикастланган. Аввалроқ, апрель ойида, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатнинг 23 провинциясида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Июль ойида шарқий ва шимоли-шарқий вилоятларда содир бўлган сув тошқинлари оқибатида 58 киши ҳалок бўлган, яна 380 киши жароҳатланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ