Саноат зоналарини ташкил этиш орқали Сирдарё вилоятига 5 миллиард долларлик сармоя жалб этиш режалаштирилди

kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида қарийб 900 гектар майдонда саноат зоналарини ташкил этиш ва бунинг натижасида келгусида 5 миллиард долларлик сармоя жалб этиш ва 20 мингга яқин иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган вилоят иқтисодиётини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Саноат зоналарини ташкил этиш Сирдарё вилоятида иқтисодий юксалиш йўналишларидан бири холос. Таъкидланишича, Ўзбекистон марказида жойлашган ҳудуд бир неча халқаро автомобиль йўллари чорраҳасида жойлашган бўлиб, улар бўйлаб кунига 300 мингдан ортиқ автомобиль ҳаракатланади. Бу афзалликдан фойдаланиш мумкин ва тадбиркорлар автомобил йўллари бўйлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини очишга тайёр. Ҳукумат бундай лойиҳалар учун 500 минг квадрат метр майдон ажратади, дўконлар ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида 50 минг киши иш билан таъминланади.

Қулай тупроқ ва иқлим шароитларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Шу боис картошка, пиёз, маймунжон, қорағат ва олча майдонлари кенгайтирилади. Қайта ишлаш корхоналари ва экспорт қилувчи корхоналар сув ҳавзаларига туташ ҳудудларга бириктирилади. Вилоятнинг саккиз туманида рентабеллиги паст 25 минг гектар ер шоли етиштиришга берилиб, у ерда фаолият юритаётган фермер хўжаликларига ҳосилнинг 50 фоизигача хорижга сотишга рухсат берилади.

Президент таъкидлаганидек, вилоятда мингдан зиёд хонадоннинг қурилганига эллик йилдан ошган. Реновация дастури асосида, уларнинг ўрнида 15 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган. Янги хонадонлар арзон бўлиши учун девелоперларга солиқ, божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, вилоятдаги йўл, электр, уй-жой, ирригация, боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларни янгилашга 100 миллион доллар йўналтирилади. Гулистон шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш бўйича ишларни 1 июлгача якунлаш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда сўнгги пайтларда Сирдарёда энергетика, қурилиш, тадбиркорлик каби соҳаларда муайян ютуқларга эришилаётгани, Сайхунобод туманида кичик бизнесни ривожлантириш бўйича тажриба муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди. Бироқ, ташаббускорлик камлиги учун саноат, савдо ва хизматлар ривожланишдан орқада қолиб кетаяпти. Хусусан, Сирдарёда хизмат кўрсатиш соҳасининг республикадаги улуши энг паст. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан кўп. 22 минг нафар фуқаро ишсиз.

Шу муносабат билан вилоят ҳокимлиги олдига 2025 йил учун қуйидаги вазифалар қўйилди:

👉 2 миллиард доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш;

👉 экспорт ҳажмини 500 миллион долларгача ошириш;

👉 16 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш;

👉 камбаҳаллик даражасини 7,4% гача камайтириш.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ