Қозоғистон суди афғонистонлик талаба қизга қочқин мақомини бермади

freepik.com сайти фотосурати

Олмаота суди бир неча ойдан бери Қозоғистонда қочқинлик мақомини олиш учун курашиб келаётган 22 ёшли афғонистонлик қизнинг апелляция аризасини рад этди, деб хабар беради Ulysmedia.kz. Олмаота бандлик ва ижтимоий дастурлар департаменти унга қочқин мақомини беришга асос кўрмагани учун қиз мажбуран ватанига қайтарилиши мумкин.

Қиз (нашрда унинг исм-шарифи хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган) Департамент устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган, бироқ суд уни қўллаб-қувватламаган ва 25 февраль куни унинг шикояти ҳам рад этилган. Энди Афғонистон фуқароси Олий судга мурожаат қилиши керак, дейди унинг адвокати Гулмира Куатбекова Ulysmedia kz. нашрига.

Маълум бўлишича, унинг мижози 2023 йил декабридан бери Қозоғистонда истиқомат қилади, у тиббиёт университетида ўқиган, бироқ пул тўлай олмагани учун ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ўз ватанида қиз аёллар ҳуқуқларини тарғиб қилиш билан шуғулланган, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган, қизларга дарс берган ва Ғарб ОАВлари билан мулоқот қилиб, Афғонистонда аёллар ҳуқуқларининг поймол этилиши борасида чиқишлар қилган.

2023 йил июль ойида унинг бобоси афғон хавфсизлик кучларидан мактуб олган, унда қиз гўёки «ноисломий қадриятлар»ни тарғиб қилгани учун «энг қаттиқ чоралар»га дучор бўлиши мумкинлиги айтилган.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери «Толибон»* ҳаракати аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклаб келмоқда. Сентябрь ойида университет талабалари учун қоидалар ўзгартирилган: эркаклар ва аёллар алоҳида хоналарда ўқий бошлаган ва қатъий кийиниш қоидаларига мувофиқ дарсларга келишган.

2022 йил баҳорида радикаллар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқлаган. Декабрь ойининг иккинчи ярмида қизларнинг олий ўқув юртларида ўқишини тақиқловчи фармон чиқарилган, гарчи бундан уч ой олдин Афғонистондаги университетларда кириш имтиҳонлари ўтказилган ва минглаб аёллар ўқишга қабул қилинган бўлсада. Толиблар, шунингдек, афғон аёлларига нодавлат ташкилотларда ишлашни ҳам тақиқлашган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ