Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (муфтият) марҳумларни дафн этиш анъаналари ва урф-одатларини тартибга солувчи фатво чиқарди. Бу ҳақда Kloop.kg хабар берди.
Фатвода дафн маросимини ўтказишнинг барча қоидалари батафсил баён этилган. Жумладан, қуйидагилар тақиқланади:
👉 ўлгандан кейинги дастлабки уч кун ичида мол сўйиш ва марҳумнинг уйида эҳсон қилиш;
👉 учинчи, еттинчи, йигирманчи, қирқинчи, эллик иккинчи кунларда ва марҳум вафотининг бир йиллигида атаб таомлар тайёрлаш, қурбонлик қилиш;
👉 дафн маросимида матолар, совғалар ва кийим-кечаклар тарқатиш;
👉 қабрларга мармар, гранит, металл ёки уларнинг бирикмаларидан ясалган ёдгорликлар, ҳайкаллар ва қабр тошларини ўрнатиш.
Муфтият ушбу фатвога риоя қилиш Қирғизистондаги барча мусулмонлар учун диний фарз эканини таъкидлайди.
Kloop.kg нашрининг қайд этишича, ҳужжат ижтимоий тармоқларда турлича муносабатни келтириб чиқарган: айрим фойдаланувчилар уни қўллаб-қувватласа, бошқалари танқид қилган.
ℹ️ Фатво Президент Садир Жапаровнинг қабристонларга тош, гранит, мармар ва металлдан ясалган ёдгорликларни ўрнатишни тақиқлаш тўғрисидаги фармони асосида (тарихий-маданий қабристонлар бундан мустасно) чиқарилган. Унга кўра, қабр ёдгорликлари ва тўсиқлар ёғочдан ясалган бўлиши ва баландлиги 0,7 метрдан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, жорий йилнинг январь ойи охирида депутатлар дафн маросимлари ва бошқа оилавий тадбирларда исрофгарчиликка йўл қўйган одамларга жарима солишни таклиф қилишди. Жарима 300 минг сомгача (3430 доллар) бўлиши мумкин.