АҚШ президенти Дональд Трамп толиблар* 2021 йили АҚШ армиясидан қолган ҳарбий техникани Вашингтонга қайтаришсагина Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилган. Бу ҳақда ToloNews хабар берди.
Трампга кўра, АҚШ Афғонистон ҳукуматига ҳар йили 2-2,5 миллиард доллар ажратмоқда, гарча Американинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлишига қарамай. Оқ уй «Толибон»ни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга рози. Фақат радикал ҳаракат ихтиёридаги Америка ҳарбий техникаси қайтарилгандан сўнг.
Президентнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда Афғонистонда АҚШ армиясидан қолган танклар, юк машиналари, қуроллар ва ҳатто яп-янги тунги кўриш кўзойнаклари ҳам бор. Трамп ушбу ускуналарнинг нархи «миллиардлаб ва миллиардлаб долларлар» туришини айтган. Шунингдек, у толибларнинг баъзида ҳарбий техника парадларини ўтказиб туришидан ғазабланишини айтган.
Айрим ОАВ хабарларига кўра, президент ҳатто махсус вакил тайинлаб, унга Афғонистон ҳукуматидан қурол-яроғларни тортиб олиш режасини ишлаб чиқишни топширган. Тахминларга кўра, гап бизнесмен ва АҚШ Республикачилар партияси тарафдори Дуг Манчестер ҳақида бормоқда.
Трампнинг баёнотига Афғонистонда ҳам муносабат билдирилди. Шундай қилиб, сиёсий таҳлилчи Сайид Акбар Сиал Вардак Америка армиясининг бу ерда 20 йиллик фаолияти давомида амалга оширган қатағон ва қотилликлар ҳисобга олинса, Америка умуман Афғонистондан қарздор эканини таъкидлаган.
Яна бир сиёсатшунос Эдрис Моҳаммади Зози ҳам АҚШга самолёт ва танкларни қайтариб беришнинг иложи йўқ, дея ҳисоблайди. У толиблар вакили Забиуллоҳ Мужоҳиднинг америкаликлар қолдирган техникалар ҳарбий ўлжалар бўлиб дипломатик тамойилларга кўра, уни қайтариб бўлмаслигига оид фикрини такрорлаган.
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, 2021 йили АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиққандан сўнг бу ерда кўплаб техника, жумладан, 78 та самолёт, 40 мингдан ортиқ автомобиль ва 300 мингдан ортиқ турли қурол-яроғларни қолдирган. Пентагоннинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур қурол-аслаҳаларнинг нархи 7 миллиард доллардан ошади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).