Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Барадар бошчилигидаги толиблар* делегацияси 22-23 февраль кунлари Ўзбекистонда бўлди. Томонлар савдо-сотиқни кенгайтириш, электр энергияси импорти, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, транспортни ривожлантириш ва темир йўл қурилиши бўйича чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар.
Делегация таркибида тан олинмаган Афғонистон ҳукуматининг бир қанча асосий мулозимлари, жумладан, Кон ва нефть вазири Ҳидоятуллоҳ Бадри, Транспорт ва авиация вазири Ҳамидулла Охундзода, Саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий ҳамда толиблар Марказий банки раҳбари Нур Аҳмад Оға бўлди, дея санаб ўтади Amu.tv, шунингдек Барадарга қўшиб барча делегация аъзолари БМТ санкцияси остида экани ва уларнинг четга элга сафар қилиши тақиқланганини қўшимча қилади.
Барадар Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан учрашди.
Барадарнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан Афғонистоннинг Дашт-и-Алвон шаҳрига 500 киловольтлик электр узатиш линияси лойиҳаси нархини 252 миллион доллардан 222 миллион долларга тушириш бўйича келишувга эришилгани, бундан ташқари, Ўзбекистон ёз ойларида Афғонистонга электр энергияси экспортини белгиланган тарифдан камайтирилган ҳолда кўпайтиришга пасайтиришга рози бўлган.
Томонлар, шунингдек, Ҳайратондан Ҳиротгача темир йўл қуриш бўйича ҳам келишувга эришганлар. Лойиҳа Ҳайратондан Мозори Шариф орқали Афғонистон ғарбидаги Ҳиротгача бўлган мавжуд йўналишни кенгайтиришни кўзда тутади, бу эса Марказий Осиёни Яқин Шарқ билан боғловчи стратегик муҳим логистика коридорини яратади. Ўзбекистон Афғонистонга техник-иқтисодий асослаш ишларини олиб бориш учун гуруҳ жўнатади ва мазкур ишлар якунланганидан кейин 10 кун ичида қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.
Ташриф чоғида икки давлат ўртасида савдо-сотиқни, жумладан, банк соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти учун солиқларни камайтириш ва қўшма савдо марказларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, ўнта афғон товарига божхона тўловларини нолга тушириш ва Афғонистонга зарур бўлган ўнта Ўзбекистон маҳсулотини ўз ичига олувчи имтиёзли келишув имзоланди.
Барадар ўзаро савдода миллий валюталардан фойдаланиш, углеводород ва минерал ресурслар бўйича келишувни амалга оширишни таклиф қилди. У ўзбекистонлик сармоядорларни Афғонистондаги имкониятларни, хусусан, тоғ-кон саноати ва транзит йўналишларини ўрганишга таклиф қилди.
Ўз навбатида Жамшид Хўжаев ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Афғонистон саноатини ривожлантиришга, жумладан, нефть ва газни қидириш ва қазиб олишга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Жумладан, Тўти-Майдон газ конини ўрганишда сезиларли натижаларга эришилган ва яқин орада бурғулаш ишлари бошланади. Бундан ташқари, Афғонистон шимолидаги Саманган вилоятида цемент заводи қуриш режалаштирилган.
Афғонистон Марказий банки раҳбари Нур Аҳмад Оға Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов билан Афғонистонга пул ўтказмалари механизмларини яратиш, яъни тўлов тизимларини улаш ва ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги банк имкониятларини яхшилаш масалаларини муҳокама қилди.
Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасида толиблар делегацияси Ўзбекистонда истиқомат қилаётган афғон тадбиркорлари билан учрашув ўтказди. Барадар уларни ўз ватанларига қайтиб, мамлакатга сармоя киритишга чақирар экан, Афғонистон ишғолдан озод қилингани ва ҳозирда миллий хавфсизлик мисли кўрилмаган даражада таъминланганини таъкидлаган. Делегация раҳбари Афғонистоннинг сармоявий ва савдо тизими коррупция ва бюрократиядан тозалангани, маҳаллий ва хорижий инвесторларга турли соҳаларда сармоявий имкониятлар яратилаётганига ишонтирган. Барадар инвесторларни энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма, телекоммуникация, технология ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга устувор аҳамият беришга чақирган.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган афғон сармоядорлари ва савдогарлари Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканини билдиришган, шунингдек, Барадар ҳал қилишга ваъда берган бизнес муаммолари ҳақида гапиришган. «Ҳар бир инвестор Афғонистонга 10 дан 100 миллион долларгача сармоя киритишга тайёрлигини билдирди», деб ёзади Ariana.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).