Хитойнинг Shanghai Electric компанияси Ўзбекистондаги биринчи рақамли 220 кВ кучланишли «Зафаробод» подстанциясини ишга туширди. Объект Жиззах вилоятида жойлашган, деб ёзади PR Newswire сайти ХХР корпорацияси матбуот хизматига таяниб.
Қарийб 75 минг квадрат метр майдонни эгаллаган подстанциянинг асосий мақсади Жиззах вилояти ва қўшни вилоятлар электр таъминотини сезиларли даражада яхшилашдан иборат. «Зафаробод»нинг қуввати 400 мегаватт бўлиб, аҳоли ва корхоналарни ресурслар билан таъминлашни икки бараварга оширади. Бу маҳаллий аҳоли қишда табиий газ ва электр энергияси тақчиллиги туфайли дуч келадиган уйларни иситиш муаммосини ҳал қилади. Энди одамларнинг анъанавий эскирган печкалар ва мосламалардан фойдаланишига ҳожат қолмайди.
Рақамли подстанция иккита 250 МВт автотрансформатор билан жиҳозланган бўлиб, улар юкни янада самарали тақсимлаш учун тармоқдаги кучланишни 220 кВ дан 110 кВ гача камайтиради. Аммо лойиҳанинг асосий хусусияти — бу объектнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини сезиларли даражада оширадиган тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизими мавжудлигида. Бундан ташқари, «Зафаробод»да ходимлар аралашувисиз ишлайдиган илғор мониторинг ва маълумотларни йиғиш тизимлари ўрнатилди. Мисол учун, агар подстанцияда авария содир бўлса, қурилма носозликни тезда аниқлайди ва электр узилишларини олдини олиш учун тармоқдаги юкни мослаштиради.
Республикада биринчи рақамли подстанцияни қуриш лойиҳаси 2021 йили бошланган. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилди. Шу билан бирга, аниқлик киритилишича, тендер якунлари бўйича объектни тўлиқ қуриб топшириш бўйича шартнома Хитойнинг Shanghai Electric компаниясига берилган.