Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан ноқонуний муҳожирлар бошқа давлатларга депортация қилинаётгани билан боғлиқ вазиятни кузатиб бормоқда ва қаерда бўлишидан қатъи назар, барча ватандошларга ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда хорижий дипломатик маҳкама раҳбари матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди, деб ёзади «Дунё».
Расмийнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги Марказий Осиё республикаси фуқароларининг ўз ватанига хавфсиз қайтишини таъминлаш мақсадида АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Дипломатга кўра, ўзбекистонликлар одатда самолётда Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича ватанга қайтадилар.
Бурхоновнинг таъкидлашича, Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан бошқа давлатларга депортация қилинган рейсларни диққат билан кузатиб бормоқда. Ўзбекистон ТИВ америкалик ҳамкасблари, шунингдек Лотин Америкаси давлатлари расмийлари билан доимий алоқада.
Вазирлик вакили Коста-Рика АҚШдан чиқариб юборилган 200 нафар муҳожирни қабул қилишга рози бўлгани ҳақидаги маълумотга шундай изоҳ берди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ноқонуний мигрантлардан иборат биринчи самолёт бортида Ҳиндистон, Покистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган. Таъкидланишича, хорижликлар ўз ватанларига қайтишдан олдин Коста-Рикада олти ҳафтагача бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Америка махсус хизматлари давлатлар ўртасидаги келишув доирасида 119 нафар ноқонуний мигрантни Панамага депортация қилган эди. ОАВ хабарларига кўра, депортация қилинганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор, бироқ уларнинг аниқ сони айтилмаган.
ℹ️ АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп бир неча бор миграция сиёсати кескинлашишини эълон қилганди. Жорий йил 20 январдаги Президент инаугурациясидан сўнг АҚШ ноқонуний мигрантларни депортация қила бошлади.
АҚШ расмийларига кўра, 2024 йил ноябрь ҳолатига биноан 975 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинади.