Россия Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари транзитига қўйилган барча чекловларни бекор қилди

eldala.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Россия томони билан ғалла, дуккакли ва мойли экинлар транзитига қўйилган вақтинчалик чекловларни бекор қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров 11 февраль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

«Бу масала бўйича мен махсус Москвага бордим, Қишлоқ хўжалиги вазири, Россельхознадзор раҳбари билан учрашдим. Ғалла, дуккакли ва мойли экинлар билан боғлиқ барча саволлар ҳал қилинди. Яъни, вагонлар аввалгидек, ҳозирда юк тушириш ва юклаш пунктида турмаяпти, биз тезда уларни экспортга жўнатишга қарор қилдик», — деди Сапаров.

Унинг қайд этишича, ҳужжатларга кўра, чекловлар ноябрь ойида қайтариб олинган. «Аммо улар (Россия томони – таҳр.изоҳи) талаб қўйишди: юкни пунктда туширмай, дарҳол кемага юкланг, деб. Кемага юклаш учун бир неча юз вагон керак бўлади. Бу эса вақтни бекор ўтказишга олиб келади. Шунинг учун ҳам январь ойида бориб, юкларни тушириб, қайта юклаш масалани ҳал қилдим. Айни пайтда экспорт яхши кетмоқда», – деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Россияга учинчи давлатлардан гуллар олиб киришга чекловлар сақланиб қолган. Аммо бу масала, Сапаровнинг сўзларига кўра, кўпи билан 10 кун ичида ҳал бўлади.

Ўтган йил октабрь ойида Россельхознадзор Қозоғистондан Россияга буғдой, ясмиқ, помидор, қалампир ва полиз маҳсулотларини олиб киришга вақтинчалик чекловлар киритган эди. Бунга маҳсулотлар таркибида карантин объектлари аниқлангани сабаб қилиб кўрсатилган. Кейинчалик Россельхознадзор республикадан кесилган гулларни олиб киришга чекловлар киритди. Қайд этилишича, Қозоғистон ушбу маҳсулотларнинг катта қисмини Россияга дўстона бўлмаган мамлакатлардан реэкспорт қилади. Шу билан бирга, Россия агентлиги Қозоғистондан РФга ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари Россия компанияларига берилган қалбаки фитосанитария сертификатларидан фойдаланган ҳолда олиб кирилгани, тадбиркорларнинг ўзлари эса уларнинг импортчисига айланиб қолганини билишмаганини маълум қилди. Ўшанда Қозоғистон томони ўзига қўйилган айбловларни рад этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ