Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси истеъфога чиқди, лавозимни унинг ўринбосари эгаллади

НУРЖАН ШАЙЛДАБЕКОВА, ТИНЧТИҚ ШАЙНАЗАРОВ. SHAILOO.GOV.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

56 ёшли Шайлдабекова 10 февраль куни Марказий сайлов комиссияси йиғилишида истеъфога чиқишини маълум қилган. У 2016 йилдан буён МСКни бошқарган ва учта президент: Аламазбек Атамбаев, Сооронбай Жеенбеков ва Садир Жапаров қўл остида ишлаган. Унинг раҳбарлигида иккита президентлик сайлови кампанияси ва иккита парламент сайлови, шунингдек, учта референдум: Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича (2016 йил), бошқарув шаклини белгилаш (2021 йил) ва янги Конституция лойиҳаси (2021 йил) бўйича референдум ўтказилган.

Қирғизистон МСК янги раҳбари этиб аввал комиссия раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Тинчтиқ Шайназаров тайинланди.

Шайназаров 1974 йил 27 февралда Ўш вилоятида туғилган, 1996 йили Қирғизистон Давлат университетининг юридик факультетини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган. Узоқ вақт прокуратурада ишлаган, Жалолобод прокурори вазифасида ишлаган. 2010 йил ноябридан 2020 йил декабрига қадар Қирғизистон парламенти депутати бўлган. 2020 йилдан буён Марказий сайлов комиссиясида ишлаб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ