Бишкекнинг Первомайский туман суди коррупция иши бўйича айбланаётган Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлигининг собиқ раҳбари Динара Қутмановани саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига асосланиб 24.kg хабар берди.
Собиқ мансабдор шахс республика Жиноят кодексининг 337-моддаси 4-қисми («Лавозимини суиистеъмол қилиш») да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Қамоқ жазосидан ташқари, аёлга 3 йилга давлат хизматларида ишлаш тақиқланган.
Собиқ вазирнинг ўғли Кемелбек Қутманов ҳам судлов маҳкамасида бўлган. У Қирғизистон Жиноят кодексининг 209-моддаси 4-қисми 1-банди («Катта миқдорда фирибгарлик») билан айбдор деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, суд унга уч йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлаган.
Иш бўйича ҳар икки айбланувчига қўшимча равишда мол-мулкини мусодара қилиш жазоси тайинланган.
Қутманованинг ҳибсга олингани 2023 йил июлида маълум бўлганди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчилари амалдорни «Табиий ресурслар вазирлигидаги коррупция ишларининг ғоявий илҳомлантирувчиси ва асосий ташкилотчиси» деб атаган. Аниқланишича, аёл бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаганликда айбланмоқда. МХДҚ маълумотларига кўра, махсус кийим-кечакларни давлат хариди билан боғлиқ битта эпизодда вазир оиласи фирибгарлик йўли билан 23 миллион сомдан (263 минг доллар) ортиқ маблағни ўзлаштирган.
Қолаверса, Қутманова фирибгарликка ўз қариндошларини, жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланган ўғлини ҳам жалб қилган. Кемелбек 2023 йили Туркияга қочишга муваффақ бўлган, бироқ кўп ўтмай икки давлат махсус хизматлари кўмагида ватанига қайтарилган.