Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари Эркин Чечейбаевни республика Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлашга рози бўлди. Бу масала 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради парламент матбуот хизмати.
Номзод ҳақидаги маълумотни халқ вакилларига мамлакат президентининг Жогорку Кенешдаги доимий вакили Алмасбек Абитов тақдим этган. Шундан сўнг депутатлар соғлиқни сақлаш тизимига оид масалаларни муҳокама қилганлар, зеро унга янги вазир биринчи навбатда эътибор қаратиши лозим. Муҳокамада шифохоналарни таъмирлаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш, давлатга қарашли «Эл Аман» дорихоналари фаолияти ва ҳоказолар ҳақида сўз юритилган.
Ўз навбатида Чечейбаев сўзга чиқиб, қуйидаги йўналишларни биринчи ўринга қўйишини айтган:
✅ тизимли коррупцияга қарши курашиш;
✅ Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш ва лаборатория хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
✅ касалликнинг олдини олиш;
✅ тиббиёт муассасаларини қуриш ва жиҳозлаш.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Чечейбоевни Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.
Соғлиқни сақлаш вазири лавозими 3 февраль куни амалдаги вазир Алимқодир Бейшеналиев истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг бўшаб қолганди. Бейшеналиев ишда хатоликка йўл қўйгани учун ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга қарор қилган. Мулозим соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар усиз ҳам давом этишини айтган.
ℹ️ Алимқодир Бейшеналиев икки марта Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган. У биринчи марта 2020 йил октябрь ойида лавозимни эгаллаган. Тез орада у COVID-19 ни Иссиқкўлнинг заҳарли илдизи аконит дамламаси билан даволаш таклифи билан машҳур бўлганди.
2022 йил июнь ойида Бейшеналиевга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари, жумладан коррупция ва порахўрлик бўйича еттита жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинганди. 2022 йил август ойида давлат хизматчисининг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли жиноий иш ёпилган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўз лавозимини йўқотган. 2023 йил сентябрида Бейшеналиевга вазирлик ўрни қайтарилган эди.
ℹ️ Эркин Чечейбаев 1974 йили туғилган. Қирғизистон Давлат Тиббиёт Академиясининг санитария-гигиена факультетини тамомлаган. Шунингдек, у Маастрихт университетининг (Нидерландия) соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги дипломига эга. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасида санитар шифокор бўлиб ишлаган. Кейин Мажбурий тиббий суғурта жамғармасида етакчи мутахассис лавозимида ишлаган. Амалдор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг турли лойиҳаларида ишлаш тажрибасига эга. Бир мунча вақт Чечейбаев Барселонада мустақил маслаҳатчи сифатида хизмат кўрсатган. 2018-2020 йиллари Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.