Си ва Жапаров Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олдилар

president.kg сайти фотосурати

Пекинда бўлиб ўтган учрашувда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда «Синьхуа» агентлиги хабар берди.

Си Цзиньпин икки давлат ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилганини таъкидлаб, Қирғизистонни ўз тараққиёт йўлини танлашда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қирғиз товарлари импортини ошириш ва Қирғизистонга кўпроқ хитойлик инвесторларни жалб этиш ниятида.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши, аҳоли ва юклар ҳаракатини осонлаштириш мақсадида назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар трансчегаравий электрон тижорат, катта маълумотлар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам муҳокама қилдилар.

Садир Жапаров, ўз навбатида, «Бир камар, бир йўл» доирасида, шунингдек, саноат, сармоя, савдо, транспорт, электрон тижорат ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини тасдиқлади.

Томонлар, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Хитой-Марказий Осиё механизми, Глобал тараққиёт ташаббуси, Глобал хавфсизлик ташаббуси ва Глобал цивилизация ташаббуси доирасида яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Музокаралар якунида Хитой-Қирғизистон муносабатларини янги даврда кенг қамровли стратегик шериклик сифатида чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, дипломатия, иқтисодиёт, савдо ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Имзоланган шартномалар орасида Хитойнинг Shenzhen Energy Group Co., Ltd. компанияси билан Қирғизистонда ҳар бирининг қуввати 300 МВт бўлган шамол ва қуёш электр станциясини қуриш бўйича инвестиция шартномалари ҳам бор.

ℹ️ Қирғизистон президенти 4 февраль куни давлат ташрифи билан Хитойга келди. У Сидан ташқари, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян ва ХХР Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан ҳам учрашди. Жапаров Пекин тил ва маданият университетида қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов бюсти очилишида иштирок этди ва 7 февраль куни Харбин шаҳрида бўлиб ўтадиган IX қишки Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.