Россия ИИВ мамлакатда 670 минг ноқонуний мигрант борлигини маълум қилди

tass.ru сайти фотосурати

Бугунги кунда Россияда 670 мингта ноқонуний мигрант бор, уларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалардир. Бу статистикани РФ Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой «Комсомольская правда» газетасига берган интервьюсида келтирди.

Мулозим тушунтиришича, гап мамлакатга кириб келган, лекин патент олмаган, миграцияга рўйхатидан ўтмаган, меҳнат шартномаси тузмаган хорижликлар ҳақида бормоқда.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ноқонуний мигрантлар 30 апрелгача ўзларининг мезбон давлатдаги ҳуқуқий мақомини тартибга солишлари керак. Бунинг учун улар ички ишлар органларига мурожаат қилиши, махсус рўйхатга олиш текширувидан ўтиши, шунингдек, бармоқ изларини топширишлари керак. Горовойнинг сўзларига кўра, 1 майдан бошлаб мигрантлар ўз ихтиёри билан полицияга келиш ва маълумотлар базасига маълумотларни киритиш имкониятидан маҳрум бўлади. Муаммони ҳал қилмаганлар депортация қилинади.

ИИВ ходимининг эслатишича, 5 февралдан бошлаб вазирлик тизимида назорат остидаги шахслар реестри ишлай бошлайди, унга Россияда ноқонуний яшаётган барча чет элликлар киритилади. Рўйхатни кунига тўрт марта янгилаш режалаштирилган. Ахборотга кириш очиқ бўлади, иш берувчилар, жисмоний шахслар ва ҳокимиятлар мигрант мақомини билиб олишлари мумкин. Агар чет эл фуқароси рўйхатда бўлса, у бир қатор хизматлардан, жумладан ишга жойлашиш, болаларни боғча ва мактабларда рўйхатдан ўтказиш, никоҳ ва ажралиш, ҳатто чипта сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлади.

«Аммо асосийси, бу чоралар жазо характерига эга эмас. Улар ҳуқуқий мақомни тартибга солиш ёки мамлакатни тарк этишга ундайди», — деб тушунтирди вазир ўринбосари.

Горовойнинг қўшимча қилишича,

5 февралдан полиция судга мурожаат қилмасдан мигрантни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлади.

ИИВ вакилининг тушунтиришича, бир неча йил олдин меҳнат мигрантларини ўз мамлакатлари ҳудудида ўқитиш ва синовдан ўтказиш бўйича тажриба ўтказилган. Масалан, Ўзбекистонда тиббий кўрикдан ўтказиш, рус тилидан имтиҳон топшириш, Россия Федерациясига кириш тақиқланганлигини полиция томонидан текшириш бўлими ташкил этилган. Аммо бир ярим йил ичида бу ерга бор-йўғи 10 минг киши мурожаат қилган, якунда уларнинг ярми Россияга ишлаш учун келган. Аммо, бу давр мобайнида бир ярим миллион Ўзбекистон фуқароси ушбу ташкилотларга бормай, Россияга келган. «Яъни, биз ҳеч қандай мотивацияни кўрмаяпмиз», — дея хулоса қилади Горовой.

Гарчи, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистонда Россия Федерациясида талабгир касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш муассасалари ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, сўнгги йилларда ушбу республикаларда фуқароларнинг рус тилини билиш даражаси кескин тушиб кетаётгани фонида рус тилидаги мактаблар кўпроқ очилмоқда.

Горовой ўтган йили Россияга 9,5 миллион хорижлик келгани, бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 4,5 фоизга кўп бўлганига доир статистик маълумотларни келтирган. 9,3 миллион киши мамлакатни тарк этган. Бугунги кунда Россия Федерациясида 6,3 миллион мигрант истиқомат қилади, уларнинг 80 фоизи МДҲ давлатларидан.