Россия Бош вазири Михаил Мишустин қирғизистонлик ҳамкасби Адилбек Қосималиев билан бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон давлат идораларининг Россия компанияларига нисбатан босими ва асоссиз даъволаридан жиддий хавотир билдирган. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган, Мишустин 29 январь куни уч кунлик ташриф билан бу ерга келган.
«Бизни жиддий ташвишга солаётган бир қанча муаммолар бор. Булар Қирғизистон ҳукумати органлари юқори мартабали вакилларининг Қирғизистон иқтисодиётини ривожлантираётган, янги иш ўринлари яратаётган, энг йирик солиқ тўловчилар қаторига кирувчи ҳалол, виждонли рус компанияларига нисбатан асоссиз даъволари ва ноқонуний баёнотларидир», — деган Россия Бош вазири.
Мишустиннинг таъкидлашича, ноқонуний ҳаракатлар фактлари Россия ТИВ томонидан Бишкекка юборилган дипломатик нотада кўрсатилган.
«Биз Қирғизистон раҳбариятидан компанияларимизга нисбатан маъмурий босимни тўхтатишни ва россиялик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашни сўраймиз», — дея қўшимча қилган Мишустин.
Қосималиев вазиятни ўрганиб чиқишга ваъда берган.
«Биз бундан аввал Россия компаниялари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида гаплашиб олгандик. Ва келишиб олганимиздек, Бишкекка қайтганимдан сўнг бу ҳақда яна ўз жойимда гаплашишга ҳаракат қиламан ва сизга алоҳида хабар бераман», — дея Қосималиевнинг сўзларини келтиради ТАСС.
Музокаралар чоғида Россия Қирғизистоннинг етакчи ҳамкори экани таъкидланган. Ишлаб чиқариш саноати, энергетика, транспорт, геология-қидирув ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш бўйича таклифлар билдирилган.
Қирғизистон Бош вазири икки давлат ўртасидаги фаол ҳамкорликни қайд этиб, ҳамкорлик даражаси йилдан-йилга чуқурлашиб бораётганини таъкидлаган. У Қирғизистон ҳукумати ривожланиш динамикасини сақлаб қолиш ва аввал эришилган келишувларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишига ишонтирган. Қосималиев ташқи сиёсат, маданий ва иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик Россия кўмаги туфайли муваффақиятли ривожланиб бораётганини таъкидлаган.
👉 Қирғизистон Бош вазири республика президенти Садир Жапаров Россия президентининг таклифига биноан Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган байрам тадбирларида иштирок этишини қўшимча қилган. Бундан олдин Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мишустинга худди шундай ниятда эканини маълум қилган.