Ўтган йил кузида Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзодага пичоқ билан ҳужум қилган шахс экстремизмда айбланди. Бу ҳақда муфтий сўзларига таяниб, «Азия-Плюс» нашри хабар берди.
31 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Абдулқодирзода иш аллақачон судга юборилгани ва биринчи суд мажлиси бўлиб ўтганини айтди.
«Мен: «Аллоҳ уни ҳидоят қилсин», дедим. Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. Суднинг биринчи босқичида мени чақиришди, лекин ўша кунларда банд бўлиб, бора олмадим, шунинг учун ўз вакилимни юбордим. Вакилнинг айтишича, одам қаттиқ йиғлаган ва пушаймон бўлган. У саросимага тушиб қолганини, қўрқиб кетганини, уни йўлдан оздиришганини ва нима қилаётганини билмаганини айтган. Муҳтарам муфтийга узрини етказиб қўйишларини сўраган ва бундан жуда афсусда эканини таъкидлаган. Шу пайтгача у билан учрашмаганман», — дея аниқлик киритган муфтий.
Айбланувчига оид тафсилотлар ошкор этилмаган.
Муфтийга ҳужум 2024 йил 11 сентябрда содир бўлганди. Душанбе марказий масжиди ёнида номаълум шахс Абдулқодирзодага пичоқ билан ҳужум қилган. Муфтий яраланган. Дастлаб, ИИВ ҳужум «безорилик ниятида» содир бўлганини маълум қилган. Ҳужум қилган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, бироқ Ички ишлар вазирлиги қайси модда бўйича эканига аниқлик киритмаган.
Ҳужумдан бир ой ўтиб Абдулқодирзода «бу йигит экстремистлардан бири бўлган», деган.
«Бу гуруҳ ўзига хос саводсиз, дунёқараши тор ёшларнинг бирлашмаси. Улар гўёки Исломга хизмат қилишади. Бу радикал гуруҳларнинг илдизларига назар ташласангиз, аслида улар мусулмон эмас. Улар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ишга олинади. Уларни ёллаган, бошқарган, гижгижлаган ёки кутганлар ҳеч қачон улар билан шахсан учрашмаган», — дея таъкидлаган муфтий.
ℹ️ Абдулқодирзода 61 ёшда, у фалсафа бўйича илмий даражага эга, Покистонда диний таълим олган. У 2010 йилдан бери Уламолар кенгашини бошқариб келади. Дарвоқе, мазкур Кенгаш республикада шариат асосида фатво бериш ҳуқуқига эга бўлган ягона орган ҳисобланади.