Хитой Пентагондан ўн баробар катта ер ости ҳарбий мажмуасини қурмоқда

2024 йил ўрталарида Хитой «Пекин ҳарбий шаҳри» деб номланган дунёдаги энг йирик ҳарбий қўмондонлик марказини қуришни бошлади, деб ёзади Британиянинг Financial Times газетаси.

Иншоот Пекиндан 30 километр жануби-ғарбда қурилмоқда. Қурилиш майдони 6 квадрат километрдан (607 гектар) кўпроқ майдонни эгаллайди ва бу АҚШ Пентагонидан камида ўн баравар каттадир.

Қурилиш майдончасида чуқур шахталар аниқланган, улар ҳарбий экспертларнинг фикрига кўра, йирик мустаҳкамланган бункерларни жойлаштириш учун мўлжалланган. Ушбу тузилмалар ҳар қандай можаро, жумладан, эҳтимолий ядро уруши юзага келган тақдирда Хитой ҳарбий раҳбариятини ҳимоя қилиши керак.

Янги иншоот Ғарбий тепаликлардаги Совуқ уруш давридан мавжуд қўмондонлик маркази ўрнини босиши мўлжалланган. Пекин марказидаги ҳозирги ХХОА (Хитой халқ озодлик армияси) штаб-квартираси нисбатан замонавий бўлса-да, у ҳимояланган бошқарув маркази сифатида ишлаб чиқилмаган.

Ҳозирда қурилиш майдончасида ҳарбийлар кўринмайди, бироқ суратга олиш ва дронлардан фойдаланишни тақиқловчи белгилар осиб қўйилган. Қаттиқ цензурага учраган Хитой интернетида лойиҳа ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Марказий разведка бошқармасининг Хитой бўйича собиқ таҳлилчиси Деннис Уайлдернинг фикрича, бундай иншоотнинг қурилиши Пекиннинг нафақат замонавий, балки илғор ядровий уруш олиб бориш имкониятларига эга қуролли кучлар яратиш ниятидан дарак беради.

Бироқ, баъзи экспертлар объектнинг мақсади ҳақида шубҳа билдиришади. Тайбэйдаги стратегик тадқиқотлар кенгаши таҳлилчиси Сю Енцзи ҳудуддан маъмурий мақсадларда ёки катта ўқув машғулотлар базаси сифатида фойдаланиши мумкинлигини тахмин қилади.