Қирғизистонда Москванинг «Сахарова» миграция маркази филиали очилади

mos.ru сайти фотосурати

Қирғизистонда Россиянинг «Сахарова» кўп функцияли миграция маркази (КММ) филиалини очиш масаласини кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 31 январь куни Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири ўринбосари Бахит Дарманқул уулу маълум қилди, деб ёзади Kaktus.Media.

Филиални мамлакат жанубидаги Ўш шаҳрида очиш режалаштирилган. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Россия томонига иккита бино таклиф қилинган, бироқ улар параметрларга жавоб бермаслигини аниқлашган.

«Биз яқинда қуриб битказилган яна бир бинони топдик. Уларга ёқди. Расмий жавобни кутяпмиз. Яқин кунларда бу масала ҳал бўлади», – деди Дарманқул уулу.

Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири Равшан Собиров 20 февраль куни Сахарово КММ филиалини очиш ва РФ миграция қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни муҳокама қилиш учун Москвага боради, дея қўшимча қилди мулозим.

Унга кўра, Қирғизистонда 10 та миграцияга қадар маркази очилади, улар касб-ҳунар мактаблари биноларида жойлаштирилади.

Айни пайтда Меҳнат вазирлиги Қирғизистон фуқароларининг Россиядан оммавий қайтишига тайёргарлик кўрмоқда, бунга Россия миграция қонунчилигининг қаттиқлашуви сабаб бўлган. Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Россияда регистрациясиз юрган 72 минг қирғизистонлик хавф остида. Агар улар 30 апрелгача мамлакатда қолишларини қонунийлаштирмасалар, депортация қилинади.

Шу билан бирга Меҳнат вазирлиги Қирғизистон фуқароларини бошқа давлатларда иш билан таъминлаш масалалари билан шуғулланмоқда. Дарманқул уулунинг сўзларига кўра, 2024 йили бандлик маркази 18 минг қирғизистонликни чет элга жўнатган. Унинг география қуйидагича: 28 мамлакат, меҳнат муҳожирларининг аксарияти Буюк Британия, Жанубий Корея ва Форс кўрфази мамлакатларида ишлайди.

ℹ️ «Сахарова» кўп функцияли миграция маркази (КММ) 2016 йил январь ойида очилган. Бу ерда Москвада ишлашни хоҳловчи хорижликлар ишлаш учун рухсатномалар, вақтинчалик яшаш рухсатномалари (РВП), доимий яшаш рухсатномалари (ВНЖ) ва фуқароликни олишлари мумкин. Айнан шу эрда, КММ ёнида, Россияда яшаш ва ишлаш қоидаларини бузган мигрантлар сақланадиган «Сахарова» Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш маркази жойлашган.