Садир Жапаров интернетдаги туҳмат ва ҳақорат учун жарима солинишига доир қонунни имзолади

zhaikpress.kz сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жиноят кодексига интернет ва оммавий ахборот воситаларида туҳмат ва ҳақорат учун жарима солишни назарда тутувчи ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, маъмурий кодекс оммавий ахборот воситаларида, веб-сайтда ёки интернетдаги веб-сайт саҳифасида туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутувчи 107-1-модда билан тўлдирилди.

Бундай қоидабузарликлар учун қуйидаги жарималар солинади:

✅ фуқаролар учун — 200 ҳисоб кўрсаткиги: 20 минг сом ($230);

✅ юридик шахслар учун — 650 ҳисоб кўрсаткиги: 65 минг сом (747 доллар).

Ўзгартиришларга кўра, янги моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар ОАВ фаолиятини тартибга солувчи Маданият вазирлиги томонидан эмас, балки ички ишлар органлари ходимлари томонидан тузилади. Кейин тегишли ишлар кўриб чиқиш учун судга юборилади.

Жапаров имзолаган қонун 31 январь куни «Эркин-Тоо» давлат газетасида эълон қилинди. Ҳужжат ўн кундан кейин кучга киради.

Ташаббус муаллифи республика Маданият вазирлиги бўлиб, у жавобгарлик жорий этилишини интернетда туҳмат қилиш ҳолатлари кўпайиб кетгани билан асослаган. Парламентдаги муҳокамада дастлаб юқорироқ жарима белгилаш таклиф этилди: жисмоний шахслар учун 100 минг сом (1150 доллар), ташкилотлар учун 200 минг сом (2300 доллар). Аммо ижтимоий тармоқлардаги қизғин баҳс ва танқидлардан сўнг жарималар суммаси камайтирилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернетда туҳмат учун жазо жорий этилишини кўплаб экспертлар салбий баҳолади. Масалан, «Адилет» юридик клиникаси ходимлари мазкур қонун Конституция нормаларига зид ва суиистеъмол қилиш имкониятини яратади, деб ҳисоблайди.

Парламент депутати Дастан Бекешев бу янгиликни «сўз учун солинган солиқ» деб атади ва жарималар жамоатчилик танқидини бостириш воситасига айланиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.