Кеча, 2025 йил 29 январь куни Стокгольм чеккасидаги Сёдертельеда таниқли ироқлик қочқин Сальван Момика отиб ўлдирилди, деб хабар берди Швеция радиоси. Қотиллик TikTokдаги жонли эфир пайтида унинг ўз уйида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи дераза ортидан бир неча марта ўқ узган.
Момика 2023 йил ёзида Швецияда Қуръони каримни омма олдида ёқиб юборганидан сўнг кенг шуҳрат қозонганди. 28 июнь, Қурбон ҳайити байрамининг биринчи куни Стокгольм масжиди олдида муқаддас китобнинг ёқиб юборилгани катта шув-шувга сабаб бўлганди. Кейинроқ у худди шундай ҳаракатларни Ироқ элчихонаси ва яна Стокгольм масжиди олдида такрорлаган.
▫️38 ёшли Момика Швецияга 2018 йили қочқин сифатида келган ва 2021 йили вақтинчалик яшаш рухсатномасини олган. Илгари у Ироқнинг Найнава вилоятида яшаган, у ерда насроний оиласида туғилган ва турли қуролли гуруҳлар, жумладан, «Халқ сафарбарлик кучлари» билан алоқадор бўлган.
Унинг ҳаракатлари катта халқаро жанжалга сабаб бўлди. Ироқ Швеция билан дипломатик алоқаларини узди ва Швеция ҳукумати Момикани этник адоват қўзғатганликда айблаб, суд терговини бошлаган. Ўлимидан сал олдин Швеция иммиграция хизмати уни депортация қилишга қарор қилган.
Қотиллик содир этилган вақтда Момика этник адоватни қўзғатганлик иши бўйича ҳукм чиқарилишини кутаётган бўлган. Полиция турли версияларни, жумладан, диний қадриятларни таҳқирлаш учун қасос бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қотиллик юзасидан тергов ишларини бошлаган.