Европа Иттифоқи ва Туркманистон транспорт ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги ютуқларни қайд этди

turkmenportal.com сайти фотосурати

Европа Иттифоқининг (ЕИ) Туркманистондаги элчиси Беата Пекса 2024 йили томонлар транспорт, савдо, энергетика, инсон ҳуқуқлари ва маданий алмашинувлар каби муҳим соҳаларда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади. Европа Иттифоқининг ушбу Марказий Осиё республикасидаги делегацияси матбуот хизмати мулозимнинг сўзларидан иқтибос келтирган.

Ҳужжатларда таъкидланишича, ўтган йил Европа Иттифоқи ва Туркманистон ҳамкорлигида «муҳим» йил бўлган. Жумладан, гап Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш ҳақида бормоқда. Шунингдек, Европа ташкилоти Туркманбоши-Туркманобод темир йўлини модернизация қилиш, электрон савдо ва транспорт жўнатмалари тизимини жорий этиш, Қозоғистон билан чегара яқинида логистика маркази ташкил этишни қўллаб-қувватлади. Ушбу ташаббуслар минтақавий савдони рағбатлантириш ва логистика самарадорлигини ошириш стратегиясининг бир қисмидир, дейилади пресс-релизда.

Ҳисобот даврида иқтисодий ҳамкорлик фаол ривожланган. Хусусан, халқаро лойиҳалар Туркманистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида 40 га яқин қонун ҳужжатларини стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда 300 та кичик ва ўрта корхоналарни савдо тартиб-қоидалари ва электрон тижоратни соддалаштириш бўйича ўқитиш орқали ёрдам берган. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 120 та маҳаллий компанияга молиялаштириш имкониятини очиб берган, уларнинг учдан бир қисмини аёллар бошқаради. Яна 200 га яқин корхона ЕТТБ экспертларидан маслаҳат хизматларини олган.

Энергетика соҳасида метан чиқиндиларини камайтириш ва сув ўтлари асосидаги технологиялар ёрдамида дренаж сувларини тозалашга қаратилган «Европа Иттифоқи яшил Туркманистон учун» лойиҳаси ишга туширилган. Йирик тадбирлар қаторида ЕИ делегацияси муҳим экологик муаммолар муҳокама қилинган Маридаги иқлим ўзгариши бўйича миллий ёшлар конференциясини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши республикада фуқаросизлик, мажбурий меҳнат ва одам савдосига барҳам берилгани билан асосланади. Европа Иттифоқи экспертлари суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимларини ислоҳ қилиш, гендер тенглигини илгари суриш ва ногиронлар ҳуқуқларини мустаҳкамлашда мамлакат ҳокимиятини қўллаб-қувватлашда давом этади.

Томонлар маданий-маърифий дастурлар доирасида фаол ҳамкорлик қилгани таъкидланади. Масалан, Erasmus+ лойиҳасида 120 дан ортиқ туркманистонлик талаба ва ўқитувчилар иштирок этган.

Ўз навбатида, Республика Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мяҳри Бяшимова Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг мамлакатга ижобий таъсирини эътироф этиб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга содиқлиги учун ЕИга миннатдорлик билдиради.

Туркманистон ва ЕИ 2025 йили ҳамкорликни Европа ташкилоти ҳисоботига кўра, ҳамкорлар сезиларли ютуқларга эришган соҳаларга эътибор қаратган ҳолда давом эттиради. Бундан ташқари, аёллар имкониятларини кенгайтириш, иқлим муаммолари ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади.

Пресс-релизда жорий йили режалаштирилган муҳим тадбирлар рўйхати келтирилган. Ашхободда бўлиб ўтадиган мазкур тадбирлар шулар жумласидандир: VIII парламентлараро учрашув (февраль), «Европа иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар саммити (март), «ЕИ – Марказий Осиё» аёллар етакчилари форуми (апрель). Шунингдек, унда мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Самарқандда (апрель) бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммитида иштирок этиши кўрсатилган.

«ЕИ ва Туркманистон биргаликда барқарор ривожланиш ва минтақавий барқарорликка ҳисса қўшган ҳолда умумий саъй-ҳаракатларини давом эттириш ниятида», — дейилади пресс-релизда.